Ўзбекистон | 00:33 / 31.01.2020
47194
3 дақиқада ўқилади

«Энг катта ютуғи – миллатни жипсликда ушлаб туролгани». Ислом Каримов ҳақида хотиралар

30 январь куни Оқсарой мемориал мажмуасида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллигига бағишлаб хотира кечаси ўтказилди. Унда Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова, «Каримов фонди» раҳбарияти, қатор санъат ва маданият арбоблари ҳамда сиёсатчилар иштирок этди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, академик Аҳмаджон Мелибоев Ислом Каримов билан боғлиқ хотираларини гапириб берди.

«Ислом Абдуғаниевич деганда жуда жиддий, талабчан инсон образини кўз олдимизга келтиряпмиз. Аслида улар жуда қувноқ инсон бўлганлар. Ислом ака юморни ёқтирарди, керак бўлса бемалол аския ҳам айтарди. Айтган аскиялари ҳам анча маънодор бўларди.

Ислом Абдуғаниевичнинг тарихда қоладиган энг буюк иши – миллатни жипсликда ушлаб туролгани. Ташқи кучлар дунёни майда полигонларга бўлиб ташлашни ният қилганда, уларнинг режаси Ўзбекистонда амалга ошмади. Тошкент, Андижон, Наманган воқеаларида халқни гуруҳ-гуруҳларга бўлиб ташлашга уринишларни кўрдик. Лекин Каримов халқнинг тарқаб кетишига йўл қўймади.

Шундай мураккаб даврларда «Известие» газетасида Ўзбекистон XVI асрга қайтиб, ҳар ерда азон товушлари босиб кетиб, дунёдан узилади, деб ёзилганди. Шунга жавобан Каримов: «Биз катта очиқ давлат қурамиз. Ўзбекистон ҳаммамизники», деганди.

Яна бир хотира эсимда қолган: туғилган кунларида ҳам ишга вақтли келиб, кеч қайтардилар. Кўпинча «Отни калласидай ойлик олиб ҳам ишламайсан», деб танбеҳ ҳам берардилар», – дейди Мелибоев.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Акбар Имомов ҳам биринчи президент халқнинг оғир пайтларида жасорати кўрсатганини ёдга олди.

«Ислом Каримовнинг жасорати ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Халқпарварлиги алоҳида таҳсинга лойиқ. Масалан, Наманган воқеаларини олайлик. Душман олдига кириб борганида, олдида қўриқчилари бўлмаган. Бир ўзи мухофилатчилар Жума Намангоний, Тоҳир Йўлдошевлар билан юзма-юз гаплашган.

Ислом Абдуғаниевич уларга ўз сўзини ўтказа олди. Натижада, улар ҳеч қандай қурбонларсиз музокара орқали Ислом Абдуғаниевичнинг таклифига кўнди.

1999 йилда Тошкент воқеаларини эслаганда, ҳали ўқ овози тинмаган, бомба тушган чуқур атрофи ҳали тутаб ётган бир пайтда Ислом Абдуғаниевич воқеа жойини айланиб кўздан кечирган. 2003 йилда Сурхондарёда тартибсизлик бўлганида ҳам воқеа жойига бориб, шахсан ўзи қўмондонлик қилган. Андижонда ҳам ўша жасоратини кўрсатган»,– дея эслайди Акбар Имомов.

Мавзуга оид