Жаҳон | 17:47 / 18.02.2020
8838
3 дақиқада ўқилади

Идлибдаги вазият туфайли Путин ва Эрдўған учрашув ўтказиши мумкин

Фото: РИА Новости

Туркия раҳбари аввалроқ Владимир Путиндан Сурия президенти Башар Асадга таъсир кўрсатиб, унинг армияси Идлибга юришни тўхтатиши ва февраль ойи охирига қадар суриялик ҳарбийлар туркларнинг кузатув пунктларидан узоқроққа кетишига эришишда ёрдам беришни сўраганди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлу Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазият бўйича Москвадаги Россия-Туркия музокаралари самарасиз якунланадиган бўлса, Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған учрашув ўтказишлари мумкинлигини айтди.

Музокараларнинг биринчи босқичи ўтган ҳафта Анқарада бўлиб ўтганди. 

"Агар Москвадаги музокаралардан ҳеч қандай натижа чиқмаса, яқин кунларда президентлар даражасидаги музокаралар бўлиб ўтади", - дея Човушўғлудан иқтибос келтирмоқда TRT телеканали.

Туркия раҳбари аввалроқ Владимир Путиндан Сурия президенти Башар Асадга таъсир кўрсатиб, унинг армияси Идлибга юришни тўхтатиши ва февраль ойи охирига қадар суриялик ҳарбийлар туркларнинг кузатув пунктларидан узоқроққа кетишига эришишда ёрдам беришни сўраганди.

Эрдўған агар бунга эришилмаса, Туркия ҳарбий йўл билан жавоб қайтариши мумкинлигини айтганди. Аммо кейинроқ у Анқара февраль ойи охиригача кутмоқчимаслигини айтиб, Сурия армиясидан зудлик билан чекинишни талаб қилганди.

 Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўзларига кўра, Туркия томони Идлиб масаласини ҳал қилиш бўйича ўз зиммасига олган қатор мажбуриятларни бажармаган. Хусусан, Анқара шу вақтга қадар қуролли мухолифат ҳудуди чегарасини белгилаб олмагани билдирилган. Туркия вице-президенти Фуат Оқтой эса турклар Идлиб бўйича мажбуриятларини тўлиқ бажарганини иддао этган.

Суриянинг шимолий вилоятидаги вазият январь ойи охирида россиялик ва туркиялик ҳарбийларнинг тинчлик ўрнатиш бўйича уринишларидан кейин кескинлашди. 12 январь куни ўт очишни тўхтатиш режими кучга кирганди, аммо ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмади. Натижада, россиялик ва туркиялик ҳарбийлар ҳалок бўлишди. Сурия Араб Республикаси ҳукумати армияси 5 февраль куни 2012 йилдан буён мухолифат назоратида бўлиб келган, Идлиб яқинидаги Саракиб шаҳрини босиб олди.

11 февраль куни Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия мухолифати Асад армиясига қарши икки йўналишда кенг кўламли ҳужумлар бошлади: Саракиб ва унинг шимолидаги Нейраб шаҳарчаси бўйлаб. Айирмачиларнинг ҳужумлари турк артиллерияси кўмагида олиб борилмоқда.

Мавзуга оид