14:23 / 20.02.2020
0
3592

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш уч босқичда амалга оширилиши белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг “Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария чораларини қўллаш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, фитосанитар хавфни таҳлил қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади ҳамда организм зарарли эканлигини, тартибга солиниши кераклигини ва унга қарши фитосанитария чоралари қандай даражада таъсирчан эканлигини аниқлаш мақсадида биологик ёки бошқа илмий ва иқтисодий маълумотларни баҳолаш, шунингдек, Ўзбекистонда карантин аҳамиятига эга бўлган зарарли организмлар рўйхатини шакллантириш ва қайта кўриб чиқиш жараёнидан иборат.

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш методикаси Инспекция томонидан тасдиқланади ва фитосанитар хавф таҳлили тизимига доир халқаро талабларига мувофиқ унга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш методикасида фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг тегишли босқичида чоралар ва уларни амалга ошириш тартиби белгиланади.

Фитосанитар хавфни таҳлил қилиш уч босқичда амалга оширилади:

хавфни таҳлил қилиш жараёнини бошлаш (дастлабки босқич);

фитосанитар хавфни баҳолаш;

фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш.

Инспекция томонидан фитосанитар хавфни таҳлил қилиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

зарарли организм кириб келишида потенциал хавф мавжуд бўлиши ва тарқалиш йўллари аниқланганда;

фитосанитария чораларини қўллашни талаб қиладиган зарарли организм аниқланганда.

Инспекция фитосанитар хавфни баҳолашда тегишли вазирликлар ва идоралар, ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари, аккредитациядан ўтган лабораториялар, шунингдек, хорижий экспертлар ва маслаҳатчиларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб қилиши мумкин.

Фитосанитар хавфни баҳолаш натижасига кўра, Инспекция томонидан Фитосанитар хавфни бошқаришни баҳолаш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилинади.

Фитосанитар хавфни таҳлил қилишнинг дастлабки босқичи зарарли организмни аниқлаш ва унинг муайян фитосанитар хавфли зоналарда (ҳудудларда) тарқалиш йўлларини аниқлашдан иборат.

Зарарли организм кириб келиши хавфи мавжуд бўлган янги тарқалиш йўллари аниқланганда, Ўзбекистонга илгари олиб кирилмаган карантин остидаги маҳсулот олиб кирилишида, илмий-тадқиқот ва селекция мақсадида ўсимликларнинг янги турларини импорт қилишда, қадоқлаш орқали, почта жўнатмалари, чиқинди, юк, қўл юки ва бошқа йўллар билан табиий тарқалганда, фитосанитар хавф таҳлили ўтказилади.

Бунда зарарли организмнинг тарқалиш йўллари аниқланганлиги тўғрисидаги маълумот ҳар қандай расмий манбалардан, маълумотлар базаларидан, илмий ва бошқа адабиётлардан олиниши мумкин.

Фитосанитар хавф таҳлили маълум бир ҳудудда (минтақада) зарарланиш ўчоғи аниқланганда, импорт қилинадиган маҳсулотларда, илмий-тадқиқотлар натижасида ва бошқа ҳолатларда зарарли организмлар аниқланганда, фитосанитар хавф таҳлили ўтказилади.

Зарарли организм аниқланиши билан боғлиқ фитосанитар хавф таҳлили маълум бир ҳудудда (минтақа) зарарланиш ўчоқлари аниқланганда, зарарли организм импорт қилинаётган маҳсулотларда ёки илмий-тадқиқот натижасида ва бошқа ҳоллар аниқланганда ўтказилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, Фанлар академиясининг ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги илмий-тадқиқот муассасалари томонидан ўрганиш ёки мониторинг натижасида аниқланган зарарли организмлар ҳақида Инспекцияга ҳар чоракда ёки зарарли организмлар аниқланган вақтда маълумот берилади.

Кўрсатилган ҳолларда ёки зарарли организм аниқланган вақтдан эътиборан тўқсон кун ичида Инспекция фитосанитар хавфни таҳлил қилиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қўшимча маълумот тўплаш, илмий-тадқиқотлар ўтказиш зарурати туғилганда, фитосанитар хавф таҳлилини тайёрлаш икки йилгача бўлган муддатга Инспекция томонидан узайтирилиши мумкин.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top