Ўзбекистон | 12:28 / 28.02.2020
5269
2 дақиқада ўқилади

22 март маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланмоқда

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида “Маҳалла тизими ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди, деб хабар беради Kun.uz мухбири. Қонун билан 22 март Ўзбекистонда маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгилаш таклиф қилинди.

Фото: KUN.UZ

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Феруза Эшматова Ўзбекистон президентининг 2020 йил 18 февралда қабул қилинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганини маълум қилди. Мазкур қонун билан Ўзбекистонда 22 март маҳалла тизими ходимлари куни этиб белгиланмоқда.

Сенаторлар Шарап Уснатдинов, Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, маҳалла Ўзбекистоннинг бой тарихи билан чамбарчас боғлиқ ўзига хос институт экани, жамиятда аҳоли осойишталигини ва қонун устуворлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда маҳалла институтининг роли катталигини таъкидлашди. Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатда маҳалла институти ва маҳалла тизими ходимларининг обрўси ҳамда мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилган эди.

Фармон билан Хотин-қизлар қўмиталари раиси, бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) бўлимлари тугатилди.

Мавзуга оид