Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бозорлар ва газеталар. Ўзбекистонда мингдан ортиқ корхоналарнинг давлат улуши тўлиқ сотилади
Ўзбекистонда мингдан ортиқ корхоналарнинг давлат улуши тўлиқ сотилади. Бу ҳақда 13 март куни Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан уюштирилган «Трансформация: иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтириш» мавзусига бағишланган халқаро тадбирда айтиб ўтилди.
Ҳозирги вақтга келиб давлат улушидаги корхоналар сони 2965тани ташкил этаёган бўлса, шулардан 58 фоизи ДУК, 33 фоизи МЧЖ ҳамда 9 фоизи АКга тегишлидир.
Унга кўра, давлат улуши тўлиқ сотиладиган давлат иштирокидаги корхоналарга қуйидагилар кириши маълум қилинди: Нефть ва газ соҳасида 69та, энергетикада 25та, кимё саноатида 8та, банк ва молия ташкилотларида 4та, ёғ-мой ташкилотларида 16та, алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларда 11та, лойиҳалаш институтларида 23та, газета ва журналларда 94та, бозорлар ва комплексларда 509та ҳамда бошқа 336та қўшимча корхоналар.
Шу билан бирга, ушбу қарорда кўпгина компанияларнинг ислоҳ қилиниши ҳам назарда тутилган. Жумладан, «Ўзбектелеком», «Ўзбекистон темир йўллари», «Ўзмахсусмонтажқурилиш», «Ўздонмаҳсулот», «Ўзбекозиқовқатхолдинг», «Ўзавтосаноат», «Ўзагросаноатхолдинг», «Ўзагрокимёҳимоя», «Тошшаҳартрансхизмат», «Ўзпахтасаноат», «Ўзагросервис», «Ўзкимёсаноат» каби компаниялар ҳам мавжуд. Ушбу компанияларда кўпгина ислоҳотларнинг амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида давлат иштирокидаги корхоналарни 81 фоизга камайтириш, давлат унитар корхоналарини 96 фоизга қисқартириш, 20та жамиятларда ИПО ўтказиш, кузатув кенгаши мустақил аъзолари сонини 20 фоизгача кўпайтириш кутилмоқда.
«Uzbekistan Airways», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзтрансгаз», «НТКМК», «ОТМК», «Ўзметкомбинат», «Ўзбектелеком», «Тошкент РФБ» бошқа жами 554та корхона давлат ихтиёрида сақлаб қолинса, уларнинг 44таси қисман сотувга қўйилади.
Қарор бозорлар тизимига ҳам таъсир этмасдан қолмади. Шу сабабли «Фарҳод деҳқон бозори», «Aския деҳқон бозори», «Миробод деҳқон бозори», «Чорсу буюм савдо комплекси», «Юнусобод деҳқон бозори», «Ўрикзор», «Чилонзор» ва «Бектўпи савдо комплекс»лари ва бошқа бозорлар шулар жумласидандир.
Шу билан бирга, «Маърифат» газетаси таҳририяти давлат унитар корхонаси (ДУК), «Шарқ» AЖ, «Ҳуқуқ ва бурч» ижтимоий журнали ДУК, «Ўзбекистон нашриёт матбаа уйи» ДУК, «Ғофур Ғулом» номидаги нашриёт матбаа уйи ДУК, «Ўқитувчи илмий-методик нашриёт маркази» ДУК, шунингдек, «UZDIGITAL TV» МЧЖ ҳам давлат улушидан хусусий секторга сотилиши белгилаб қўйилди.
Бундан аввалроқ ҳам президент қарори лойиҳаси асосида Ўзбекистонда 1115та давлат улушлари хусусий секторга сотилиши ҳақида хабар берилган эди.