Автомобиллар нархлари кўтарилганидан сўнг: харидлар сони пасайиш ўрнига ошиб бормоқда — «Ўзавтосаноат»
UzAuto Motors енгил автомобилларнинг янги нархларини эълон қилганидан сўнг машиналарга талаб пасайиш ўрнига кўпайган. Буни «Ўзавтосаноат» акционерлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова Kun.uz мухбири билан суҳбатда таъкидлаб ўтган.
Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 9 март кунидан бошлаб ҳар куни ўртача 1487та автомобилга шартнома тузилмоқда.
«2020 йилнинг 9–12 март кунлари 5949та авто автомобилга шартнома тузилди. Агар ушбу рақамни шартномалар имзоланган 4 кунга тақсимласак, кунига ўртача 1487 та автомобиль учун шартнома имзоланаётгани келиб чиқади. Бу аввалги ойдаги кўрсаткичимиздан 42 фоизга кўпроқдир», — деди Зумрад Шожалилова.
Бироқ, «Ўзавтосаноат» акционерлик жамияти матбуот хизмати раҳбари олдинги ойда кўрсаткичлар қандай бўлганини тақдим этмади ва фақат нархлар кескин оширилганидан кейинги рақамларни ошкор қилди. Яъни, солиштириш имкониятини ўзида қолдирди.
Маълумки, «Ўзавтосаноат» расмий сайти ва мобил иловаси орқали автомобиль харид қилиш учун шартномани онлайн имзолаш мумкин, шунингдек бундай шартномаларни дилерлик автосалонлар орқали олиш ҳам мумкин. Бундай шартномалар танланган автомобиль учун камида 85 фоиз тўлов қилингунга қадар 15 кун амалда бўлади. Шу муддат ичида пул тўланмаса шартнома куяди.
«Ўзавтосаноат» АЖ матбуот котиби имзоланган шартномалар сонини келтирар экан, уларнинг қанчаси учун тўлов қилинганига ҳам аниқлик киритмаган.
Kun.uz’га тақдим этилган маълумотга кўра, 9–12 март кунлари жами:
- 2172та «Lacetti»;
- 1194та «Cobalt»;
- 975та «Nexia-3»;
- 671та «Spark»;
- 519 та «Damas-2»;
- 281та «Malibu-2»;
- 84та «Tracker»;
- 41 та «Trailblazer» LTZ-AT;
- 7 та «Traverse Premier» AT;
- 5 та «Equinox» AT учун шартнома тузилган.
Боз устига, ҳисоб-китоб ишлари якунига етмагани сабабли 13–14 март кунларида нечта автомобиль харид қилиш учун шартнома тузилгани ҳақидаги маълумотларни «Ўзавтосаноат»дан олишнинг имкони бўлмади.
Лекин жадвалга қараб, харид тенденцияси пасайиш томон юз тутганини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 9 март куни автомобилларнинг нархлари модификациясига қараб 3-21 фоиз атрофида оширилган эди. Хусусан, «Damas» ва «Spark» 21 фоизгача, «Nexia», «Cobalt» ва «Lacetti» 15 фоизгача қимматлаган бўлса, юқори нарх сегментидаги автолар – «Malibu-2», «Tracker», «Trailblazer», «Equinox», «Traverse» ва «Tahoe» нархлари ўзгартиришсиз қолдирилган.
UzAuto Motors’нинг 11 март куни эълон қилинган расмий баёнотида автомобил нархлари оширилганини долларнинг сўмга нисбатан айрибошлаш курси ўсгани, хом ашё нархлари, коммунал хизматлар тарифлари, транспорт хизматлари нархлари ошгани, аввал солиқ имтиёзларига эга бўлган компания 2019 йилнинг октябрь ойидан бошлаб солиқларни умумий асосларда, жумладан, ҚҚС бўйича тўлашни бошлагани билан изоҳлаган эди.
Шундан сўнг, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси автомашиналар нархи ошишини кескин қоралади ва UzAuto Motors’ни монополияда айблаб чиқди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам UzAuto Motors автомобиллари нархи оширилиши юзасидан кескин муносабат билдириб, UzAuto Motors АЖ йиллар давомида берилган имтиёзлар ва преференцияларга қарамасдан давлат томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланмагани, маҳсулот таннархини камайтириш юзасидан кўрилаётган чоралар самараси пастлиги, рақобатбардошликни ошириш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида маҳсулот таннархи фақатгина 2 фоизга пасайтирилишига эришилгани, бунинг оқибатида корхона истеъмолчилар ҳуқуқлари камситиб келаётганини маълум қилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 13 март куни Хоразм вилояти фаоллари билан учрашувда автомобиллар нархи оширилганига ўз муносабатини билдириб, машиналар нархини оширилиши ҳозирги шароитда тўғри эмаслигини таъкидлади.
Мавзуга оид
19:48 / 01.12.2022
Ҳукумат ЖСТга аъзо бўлиш автомобилсозликни “қийнаб қўйиши”дан хавотирдами?
17:15 / 23.11.2022
Минглаб Lacetti ва Cobalt'лар биргина бутловчи қисмни кутмоқда — “Ўзавто”
17:56 / 20.07.2020
«Ўзавтосаноат» тез ёрдам учун Volkswagen Caddy автомобилини тақдим этди
14:38 / 25.06.2020