Ўзбекистон | 16:14 / 16.03.2020
12455
3 дақиқада ўқилади

Темир йўл кассаларидаги вазият: Талабга қараб яна қўшимча рейслар қўйилади

Ўзбекистонда коронавирус туфайли карантин чоралари эълон қилинди, барча таълим муассасалари, шу жумладан, олий ўқув юртлари ҳам икки ҳафталик таътилга чиқди.

Шу билан боғлиқ равишда пойтахтда таҳсил олувчи талабалар оммавий равишда ўз уйларига қайта бошлашди. 15 март куниёқ талабалар учун темирйўл ва авиа чипталарнинг тариф қисмидан 50 фоиз чегирма берилиши маълум қилинганди. Айни вақтда пойтахтдан вилоятларга қўшимча рейслар йўлга қўйилган.

Kun.uz мухбири бу билан боғлиқ жараён қай тарзда кечаётганини кузатиш мақсадида «Тошкент–Жанубий» темир йўл вокзалида бўлди. Вокзалда темирйўл кассаларида катта навбатлар юзага келганига қарамай, барча йўналишлар бўйича чипталар сотилмоқда.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Темирйўл медиа» хизмати раҳбари Фозил Шарипов қўшимча рейслар ташкил этилиши ва чипта хариди учун қулайликлар бўйича маълумот берди.

Фозил Шарипов

«16 март куни қўшимча бешта йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилди. Маҳаллий йўналишларда 12 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти бор. Термизга, шунингдек, Бухоро орқали Урганчга қатнов қўйилган.

Қўшимча қулайликлар ҳам яратилади. Талабалар вокзалга келиб ўтирмасдан тўғридан-тўғри талабалар шаҳарчасида ташкил этилган кассада чипта олишлари мумкин. Иккита чиптахона ташкил этилган. Мобил иловалар орқали ҳам чипта олишлари мумкин. Сариқкўл кўчасида ҳам иккита темирйўл кассаси ишламоқда.

Жанубий ва Шимолий вокзалдаги кассалар тун-у кун ишламоқда. 16 март куни кечаси соат 12дан 10 дақиқа ўтганда Урганч поезди жўнаб кетди. Бу зудлик билан қўйилган поезд эди. Эрталаб соат 9:30да ҳам Термизга бир поезд жўнади. Кун давомида Тошкентдан Урганчга ва яна иккита йўналишда поездлар жўнаши режалаштирилган», дейди у.

Мутасаддисининг айтишича, чипталар учун белгиланган чегирмаларга муддат бўйича чеклов қўйилмаган.

«Ҳозирги кунда чегирмаларнинг амал қилиш муддати чекланмаган. 16 мартдан бошлаб, охирги талабанинг уй манзилига етиб олгунча чегирмалар амал қилади. Тирбандликнинг олдини олиш мақсадида қўшимча чиптахоналар очилиши билан бирга талабдан келиб чиққан ҳолда қўшимча рейслар ҳам қўйиб борилади. Талабалар шаҳарчасидаги сайёр чиптахоналар сони ҳам оширилади.

Шаҳаралараро қатновчи поездлар бугундан бошлаб қатновини вақтинчалик тўхтатади. Бу чеклов ҳозирча 5 апрель кунигача белгиланган. Қатновларнинг йўлга қўйилиши ҳақида яна хабарлар берилади», деди Фозил Шарипов.

Раҳматилла Исроилов
Тайёрлаган Раҳматилла Исроилов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид