Жамият | 18:48 / 17.03.2020
1902
1 дақиқада ўқилади

Давлат музейлари карантин туфайли ёпилади

17 мартдан Ўзбекистондаги барча давлат музейлари ва кўзи ожизлар кутубхоналари аҳоли ташрифи учун ёпилади. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Юқори ташкилотларнинг топшириқ ва кўрсатмаларига мувофиқ бу карантин муддати ўз ниҳоясига етгунга қадар давом этади. 

Бундан ташқари, эстрада хонандаларининг «Халқлар дўстлиги» санъат саройи, «Туркистон», «Зарафшон» ва бошқа концерт залларида ўтказиладиган концерт дастурлари, вилоятлар, туманлар ва барча ҳудудларда оммавий тадбирлар вақтинча қолдирилади.

Бундан аввалроқ, 30-31 март кунлари Хива – 2020 «Турк дунёси маданияти пойтахти» тадбири ҳам бекор қилиниши айтиб ўтилган эди.

Шунингдек, 14-17 апрель кунлари Бухоро – 2020 «Ислом маданияти пойтахти» йилига бағишланган тадбирлар, 21-27 март кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган «Театр ҳафталиги» тадбирлари ҳам расман бекор қилинган.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид