Жамият | 12:02 / 17.03.2020
13521
2 дақиқада ўқилади

Тергов департаменти Самарқандда содир бўлган ЙТҲ бўйича қўшимча маълумот берди

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 16 март куни соат 21:40да Нарпай туманида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, текшириш натижасида аниқланишича, 29 ёшли А.Я. Lacetti русумли автомашинани Оқтош-Мирбозор-Лангар 4R-56 йўлида бошқариб келиб, йўл-ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузган ҳолда М-37 автомобиль йўлини иккига ажратиб турувчи бетон тўсиқни уриб ўтган.

У ушбу йўл иккинчи қисмининг 105-километрида “Тошкент-Хоразм” йўналиши бўйлаб 53 ёшли И.Ж. бошқарувида 18 нафар йўловчилар билан ҳаракатланиб келаётган “Газель” русумли автомашинага урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида “Газель” русумли автомашина ҳайдовчиси И.Ж. ва шу автомашинанинг йўловчиси 61 ёшли Р.С. ҳодиса жойида вафот этган, ушбу автомашинанинг 2 нафар йўловчиси оғир ва 9 нафар йўловчилари енгил даражадаги тан жароҳати олган бўлиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилган, қолган 6 нафар йўловчилар тан жароҳати олмаганлиги аниқланган. Шунингдек, Lacetti русумли автомашина ҳайдовчиси А.Я. тан жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Бундан ташқари, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида С.Э.га тегишли “ВАЗ-2106” русумли ҳамда С.Ш.га тегишли Nexia русумли автомашиналарга “Газель” русумли автомашина тўқнашиши натижасида шикаст етгани, ҳайдовчилар эса тан жароҳатлари олмаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Нарпай туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситаларини ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигини қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Қайд этилишича, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид