Бухорога чартер рейс орқали олиб келинган йўловчиларнинг 4 нафари юқори тана ҳарорати билан касалхонага ётқизилди
Бухоро вилоятида Россиядан чартер рейс орқали келган 266 киши карантинга жойлаштирилди.
Бухоро вилояти ҳокимлигида тегишли бошқарма, ташкилот ва корхоналар масъул ходимларидан таркиб топган Covid-19 касаллигига қарши курашиш ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят штабидан олинган маълумотга кўра, 24 март куни ярим тунда Россиядан Внуково—Бухоро йўналишида учган авиарейс қабул қилинди.
«Самолёт бортида 266 нафар мамлакатимиз фуқаролари фавқулодда ҳолатдан келиб чиққан тартиб-қоидалар асосида кутиб олинди.
Шахсига тўхталсак, уларнинг 202 нафари эркак, 64 нафари аёл ва 11 нафари вояга етмаганлар. Йўловчиларнинг 7 нафари нафақа ёшидагилардан иборат бўлса, уларнинг 4 нафари чет давлатдан депорт қилинганлардир. Таркибда вилоятимиздан ташқари, Тошкент шаҳри ҳамда вилояти, шунингдек, Хоразм, Самарқанд, Сурхондарё, водий вилоятларидан, қолаверса, Қорақалпоғистон республикасидан юртдошларимиз бор.
Бухоро халқаро аэропортида тегишли тартибда карантин меъёрларига мувофиқ қарши олинган йўловчилар орасидан тана ҳарорати юқори бўлганлиги сабабли 4 нафар фуқаро вилоят Юқумлик касалликлар шифохонасига олиб борилган. Қолган йўловчиларнинг ҳар бирига нисбатан тиббий-профилактик нуқтаи назардан қаттиқ назорат ўрнатилган», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.
Шунингдек, самолётда Вобкент туманида истиқомат қилган бир фуқаронинг жасади ҳам бўлган. Маълум бўлишича, Россия Федерациясига қатнаб, ишлаб юрган бу фуқаро инсульт оқибатида чет элда вафот этган.
Бугун, 25 март куни «Истанбул-Фарғона» чартер рейсида Туркиядан олиб келинган 244 нафар фуқаро Фарғона халқаро аэропортида кутиб олиниб, Олтиариқ туманидаги «Қизилтепа» фахрийлар сиҳатгоҳига жойлаштирилди. Самолётда бўлган йўловчилардан бири инсульт оқибатида вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фарғонада икки нафар коронавирус бемори даволанаётгани ҳақида маълум қилган.
Мавзуга оид
12:01 / 09.11.2024
Бухорода 16 ёшли бола ўнлаб шахслар номига кредит олиб, онлайн қиморга тикиб юборди. У қамоққа олинган
11:34 / 06.11.2024
Бухорода 1 млрд сўмдан зиёд электрдан ноқонуний фойдаланган тадбиркор аниқланди
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
20:48 / 09.10.2024