Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бош консулхона олдида тўпланиб талаблар қўйиш масалани ҳал қилмайди» - ТИВ Туркиядаги фуқароларга мурожаат қилди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, сабрли ва матонатли бўлишга, тинчлик ва осойишталикни сақлашга чақирди.
Ташқи ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Авазбек Ҳожиметов Туркия, хусусан, Истанбул шаҳридаги вазият кескинлигича қолаётганини қайд этиб, бугунги кунда Истанбулдаги Бош консулхона Ўзбекистонга қайтмоқчи бўлган фуқаролар рўйхатини тузиб, уни ТИВга юбориш ишларини амалга оширишини маълум қилди.
Маълум қилинишича, ушбу рўйхат ҳар кунги мурожаатлар асосида янгиланиб, тўлдирилади ва ваколатли идораларга, хусусан Республика махсус комиссиясига, Транспорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ва миллий авиакомпанияга юборилади. Ушбу идоралар ҳамкорликда чартер рейсларини амалга ошириш ва ташкилий масалаларни ҳал қилади.
Истанбул шаҳридан 21 ва 24 март кунлари чартер рейслари амалга оширилган ҳамда 500га яқин ватандош Ўзбекистонга қайтарилган.
«Истанбулдаги Бош консулхона олдида тўпланиб, дипломатлар ваколатига кирмайдиган турли талаблар қўйиш (зудлик билан чартер рейсини ташкиллаштириш) билан масалани ҳал қилиб бўлмайди, вазият таранглигича қолаверади», дея Аваз Ҳожиметовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонасига +90 537 668 49 60 рақами орқали WhatsApp ва Telegram мессенжерларидан фойдаланган ҳолда мурожаатларни юбориш мумкинлиги эслатилди. Бунинг учун мурожаатдан ташқари, паспорт ва агар мавжуд бўлса авиачипта нусхаси юбориш талаб этилади.
ТИВ Туркиядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилар экан, бироз сабрли ва матонатли бўлишга, тинчлик ва осойишталикни сақлашга чақирди.
«Бугунги оғир вазият нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кузатилмоқда. Ҳатто, йирик ривожланган давлатлар ҳам фалаж ҳолига келиб, муаммони ҳал қилишда катта қийинчиликларга дуч келмоқда.
Баъзи давлатлар, ўз фуқароларини қабул қилишдан ҳам бош тортмоқда. Шунга қарамай, хорижий давлатлар фуқаролари вазиятни тўғри баҳолаб, ўз ҳукуматларига дастак бўлмоқда ва ортиқча муаммо келтириб чиқармасликка ҳаракат қилмоқда.
Мамлакатимиз ҳам албатта бу оғир дамлардан ўтиб олади. Биз буюк аждодлар авлодимиз, бундан ҳам қийин ва машаққатли дамларда ғуруримизни, маданиятимизни йўқотмасдан қийинчиликларни матонат билан енгиб ўтган халқмиз. Ўзлигимизни йўқотмасдан, саросимага тушмасдан, сабр ва қаноат билан вазиятни идрок қилиб, оғир босиқлик билан мавжуд ҳолатга ёндашишга ундаймиз», дейди ТИВ расмийси.
Мавзуга оид
22:23 / 08.06.2026
Ҳарбий тиббиёт соҳасида Туркия билан ҳамкорлик ривожлантирилади
13:14 / 07.06.2026
Олти йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл Туркияда ушланди
16:20 / 26.05.2026
Ўлим тўшагида очилган сир: турк тадбиркорининг Швейцария банкига қарши молиявий уруши
13:52 / 26.05.2026