Тошкентда куёв навкар ташкил қилган шахсга нисбатан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда – ИИВ
Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, республика махсус комиссиясининг қарори билан 23 мартдан тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросим сингари оммавий тадбирлар ўтказилиши тақиқланганига қарамасдан Тошкент шаҳрида 2 та ҳолатда тўй қилинаётгани аниқланган. Айни пайтда улардан бири, яъни карантин даврида куёв навкар ташкил қилган шахсга нисбатан тергов олди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
“Айни кунларда юртимизда коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юридик ва жисмоний шахсларнинг карантин қоидаларини бузганлиги учун жазо чоралари кучайтирилган.
Афсуски, айрим шахслар томонидан тўй ва бошқа йиғинларни ўтказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Юртдошларимиздан ҳар қандай йиғинларни, тўй ва бошқа маросимларни ўтказмасликларини талаб қиламиз. Сиз ўтказмоқчи бўлган бу каби тадбирлар оқибатида минглаб одамларга вирус юқиш хавфи мавжуд. Тўй қиламан деб ўзингизни, яқинларингизни ва бошқаларни саломатлигини хавф остига қўйманг”, дея Шоҳруҳ Ғиёсовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ҳар қандай турдаги йиғин ўтказиш ёки унда қатнашиш карантин қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳисобланиши, агар ички ишлар органлари томонидан чекловларга риоя қилмасдан тўй ёки бошқа йиғин ўтказаётган шахс аниқланса, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирди.
Аввалроқ сенат раиси Танзила Норбоева аҳолини карантин даврида тўй қилмасликка ва маъракаларни диний идоралар тавсиясига асосан ўтказишга чақирган эди.
Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Ажал келмаса, ҳеч нарса бўлмайди”, “Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин» [қабилида фикрлаш] бу – интизомсизлик, бу биринчи навбатда – жиноят, бундай масъулиятсизлик қаҳрамонлик эмас!” деб айтганди.
Мавзуга оид
09:10
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024