Ўзбекистон | 20:09 / 29.03.2020
33802
3 дақиқада ўқилади

Карантин: Самарқандда 30 суткага қамалган ҳуқуқбузарнинг қилмиши тўғри малакаланганми?

Кеча Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати Пахтачи туманида яшовчи фуқаро А.Шомуродов пахтачилик бир фуқаронинг «коронавирусга чалиниб вафот этгани» тўғрисида ёлғон маълумот тарқатганлиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси билан 30 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилганлиги ҳақида хабар берган эди.

Мазкур хабар телевидение ва интернет-сайтларда, жумладан Kun.uz сайтида ҳам эълон қилинган эди.

Маълум бўлишича, фуқаронинг қилмиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси, яъни фавқулодда ҳолат эълон қилинган жойларда миш-мишлар тарқатиш ва ҳуқуқ-тартиботни бузишга ундовчи ёки миллий адоватни авж олдирувчи бошқа ҳаракатлар, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ўз қонуний ҳуқуқлари ва бурчларини амалга оширишларига фаол тўсқинлик қилиш, худди шунингдек ички ишлар органлари ходимининг, ҳарбий хизматчи ёки жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажараётган бошқа шахсларнинг қонуний фармойиши ёки талабига қасддан бўйсунмаслик ёхуд жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузадиган бошқа шунга ўхшаш ҳаракатлар ёки маъмурий назорат қоидаларини бузиш билан нотўғри малакаланган.

Чунки, Ўзбекистон Республикасида ёхуд унинг муайян бир ҳудудида ҳозирча фавқулодда ҳолат жорий қилинган эмас.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 19-бандига кўра, мамлакат президенти фавқулодда вазиятлар (реал ташқи хавф, оммавий тартибсизликлар, йирик ҳалокат, табиий офат, эпидемиялар) юз берган тақдирда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашни кўзлаб, республиканинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини уч кун ичида Олий Мажлисининг палаталари тасдиғига киритади.

Конституциянинг 78-моддаси 19-бандига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколати ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг коронавирус инфекцияси сабаб фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони мавжуд эмас экан, ҳуқуқбузарлик учун МЖтКнинг 205-моддасини қўллаш жоиз бўлмайди. Шу сабабли фуқаро А.Шомуродовга оид иш юқори инстанцияда қайта кўриб чиқилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан тарқатилган маълумотга кўра, А.Шомуродовга нисбатан маъмурий иш Пахтачи туман маъмурий судида кўриб чиқилган.

Маълумот учун, юқоридаги каби ҳолат Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳам кузатилган.

Дилшод Абдуқодиров,
ҳуқуқшунос.

 

Мавзуга оид