Жамият | 16:46 / 02.04.2020
5261
3 дақиқада ўқилади

Нурмат Отабеков сифати кафолатланмаган ниқобларни сотиб олмасликка чақирди

Ҳар қандай шароитда ҳам ниқоб сотиб олинганда унинг бутунлигига, янгилигига ва сифатига эътибор бериш лозим.

Давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабеков ниқоб турлари ва улардан қандай вазиятда  фойдаланиш мумкинлигини тушунтирди.

«Аввало, дока ниқобларни ҳашам учун ёки кимгадир кўз-кўз қилиш мақсадида тақмаётганимизни унутмайлик. Барча ишлаб чиқариладиган нарсалар сингари дока ниқоб ишлаб чиқариш учун ҳам алоҳида давлат стандарти мавжуд. Мана шу стандарт асосида чиқарилган ва дорихоналарда сотилаётган ниқобларни тақиш мақсадга мувофиқ», деди Нурмат Отабеков АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда.

Унинг маълумот беришича, ниқоблар ҳимоя даражасига қараб, 2 турга бўлинади:

1-турдаги ниқоблар - бугунги кунда кенг фойдаланаётган ниқоблар, улар эпидемиялар ва пандемияларда инфекция тарқалишини камайтириш учун ишлатилади.

«Ушбу ниқоблар ўзига нам тортмайдиган материаллардан тайёрланиши ва 2 соатдан ортиқ ёки кўп марта ишлатилиши мумкин эмас, чунки ундан ортиқ ишлатилса, ниқоблар орқали касаллик юқтириб олиш мумкин», дея қайд этди Нурмат Отабеков.

Бундан ташқари, Нурмат Отабеков 2-турдаги ниқобларга респираторлар киришини, респираторларнинг ўзи ҳам иккига бўлинишини айтиб ўтди.

«Биринчи турдаги респираторлар аэрозолларга қарши бўлиб, йўталганда, аксирганда, гапирганда касаллик қўзғатувчилари ташқарига тарқалиши олдини олиш учун, иккинчи турдагилари эса газларга қарши газсимон моддалардан, масалан, закись, азот кабилардан ҳимоя қилиш учун ишлатилади. Шунинг учун уларни тақишдан мақсад нима эканлигини билиш зарур.

Кўчада сотилаётган, ҳар хил расмлар туширилган, ҳатто бачкана қилиб ишланган дока ниқобларни харид қилиш керак эмас. Бу ниқоблар ким томонидан қандай материалдан тикилгани аниқ эмас. Шу сабабдан вирус инфекцияси юқишининг олдини олиш учун фақат дорихоналарда сотилаётган ишончли ниқобларни сотиб олиш керак», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, Нурмат Отабеков ҳар қандай шароитда ҳам ниқоб сотиб олинганда унинг бутунлигига, янгилигига ва сифатига эътибор бериш лозимлигини ҳам алоҳида таъкидлади. 

Мавзуга оид