Ўзбекистон | 19:22 / 09.04.2020
48987
7 дақиқада ўқилади

Юнусободдаги тажриба барибир бекор қилинмади. Туман аҳолиси карантиндан кўпроқ жабр кўриши мумкин

Юнусобод тумани аҳолиси чала қолган ислоҳот сабаб дискриминацияга учрамоқда. Масъул идора муаммо борлигини тан олган, лекин масала ҳануз ўз ечимини топмаган.

Жорий йилнинг 22 март куни Kun.uz сайтида «Якунига етказилмаган ислоҳот юки юнусободликларнинг чўнтагига тушмоқда» сарлавҳали мақола эълон қилинганди. Унда бутун республика аҳолиси электр энергияси ва табиий газ учун бир хил тарифда пул тўлаётган бир пайтда, Юнусобод тумани аҳолиси лимитдан ортиқча ишлатган энергия ресурслари учун 20 фоиз қиммат нархларда тўлов қилаётгани ҳақида сўз юритилганди.

Мазкур мақоладан сўнг Ўзбекистон Республикаси Энергетик вазирлиги Юнусобод туманида жорий қилинган бу тартибни бекор қилишга доир чоралар бошлаганини маълум қилди.

Жумладан, Энергетика вазирлигининг муносабатида карантин билан боғлиқ вазиятни, яъни аҳолининг кўпчилик қисми ўз вақтини уй шароитида ўтказишини ҳисобга олган ҳолда, вазирлик томонидан Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигига ушбу тажриба бекор қилинишини сўраб, мурожаатнома юборилгани айтилди. 

Бироқ, Kun.uz’га келиб тушган маълумотга кўра, Юнусобод тумани аҳолиси фойдаланилган табиий газ ва электр энергиясининг лимитдан ошган қисми учун белгиланган тарифга нисбатан 1,2 баробар ҳақ тўлаш тартиби бекор қилинмаган.

Бу ҳақида фуқаро Ж.Эшбоевнинг президентга йўллаган мурожаатига МИБнинг Юнусобод туман бўлими томонидан берилган жавоб хатида баён этилган.

Таҳририят фуқаро Ж.Эшбоев билан боғланиб, айни кундаги вазият ва уларни қийнаб келаётган муаммолар билан қизиқди.

«Табиий газ ва электр энергияси учун лимит белгилаб қўйилиши кўп қаватли уйларда яшовчи хонадонларда билинмаслиги мумкин. Чунки аксарият ҳолларда кўп қаватли турар жойлар давлат томонидан иситилади. Лекин биз каби ҳовлида яшовчи аҳолига бу тарзда лимит белгиланиши адолатсизлик ҳисобланади.

Ижтимоий тенглик бузилмоқда, қолаверса бу каби чеклов фақат Юнусобод туманининг ўзи учун белгилангани икки ҳисса камситиш бўлмоқда. Уй-жойимизни газ ва электр энергияси билан иситамиз, табиийки арзимаган лимит ойнинг ўнинчи кунига бормасдан тугаб бўлади, у ёғига 20 фоиз оширилган нархларда тўлаймиз. Бу айниқса карантин сабаб барча оила-аъзоларимиз уйда бўлган вақтда жиддий сезилмоқда.

Бу масалада бир неча марта туман ҳокимига мурожаат қилдик. Президент портали ва бошқа идораларга ҳам ёздик, лекин ҳеч қандай натижа бўлмади, бутун республика учун деб бошланган эксперимент якунда юнусободликларнинг бошига бало бўлмоқда», дейди Ж.Эшбоев.

Шундан сўнг туманнинг кўп қаватли уйларидан бирида яшовчи фуқаро билан ҳам суҳбатлашдик.

«Ҳамма ишда, ўқишда бўлган вақтда белгиланган лимитни амаллаб етказардик, лекин карантин сабаб уйда ўтирганимиздан бери белгиланган лимитдан анча-мунча чиқиб кетибмиз. Ишсиз қолиб, даромадларимиз ҳам тортилиб турган бугунги карантин вазиятида бир хил нарса учун республиканинг бошқа ҳудудлари аҳолиси тўлаётган нархдан 20 фоиз қиммат ҳақ тўлашимиз алам қилади, албатта», дейди у.

Хўш, бу қандай эксперимент эди? Нима учун у охирига етмай қолди? Юнусободликларнинг эътирозлари қанчалар асосли? Қуйида шулар ҳақида икки оғиз сўз юритамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 11 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида» 897-сонли қарорига мувофиқ, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб тажриба тариқасида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида янги тизим жорий этилди. Унга кўра:

а) аҳоли истеъмоли учун электр энергияси базавий нормаси ойига бир абонентга 300 кВт.соат;

б) аҳоли истеъмоли учун табиий газнинг базавий нормаси:

  • иситиш мавсуми даврида якка тартибда иситиладиган уйлар ва квартираларда яшайдиган бир абонентга ойига 1000 куб.м;
  • бошқа ҳолатларда бир абонентга ойига 250 куб.м этиб белгиланди.

Экспериментнинг энг муҳум жиҳати сифатида, Юнусобод туманидаги истеъмолчилар учун лимитдан ортиқ ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун тарифга нисбатан 1,2 баравар оширилган миқдорда нархлар белгиланган.

Мазкур қарор билан «Ўзбекнефтгаз» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги (ҳозирги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги)га 2019 йилнинг 1 июлига қадар электр энергияси ва табиий газ истеъмоли базавий нормалари амалда қўлланишини ўрганиш натижаларига кўра келгусида истеъмол базавий нормаларини қўллаш бўйича Вазирлар Маҳкамасига аниқ таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли қарори билан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида бир нафар абонентга аҳолининг электр энергияси истеъмоли базавий нормалари жорий этилишининг натижалари ижобий деб топилди. Ушбу қарорга мувофиқ, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига табиий газ ва электр энергияси истеъмолининг базавий нормаларини қўллаш механизмлари ва миқдорлари тўғрисида таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Тамом! Масала шу ерга келганда тўхтади, бошланган ислоҳот чала ҳолида ташлаб қўйилди. На Энергетика вазирлиги ва на бошқа масъул идора бу ҳақида қайта эслади. Жабрини эса, гувоҳи бўлганингиздек юнусободликлар тортмоқда. Баҳор келиб, кунлар исиб кетиши ўрнига апрель ойининг ўртасида ёққан қор ва совуқ ҳаво энергия ресурслари сарфи янада ошишига сабаб бўлмоқда. Бу эса, шундоқ ҳам қийналиб турган оддий халқ гарданига яна бир оғир юк бўлиб тушмоқда. 

Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати учун жавобгар бўлган ҳокимлик, кўп йиллар пойтахтни бошқарган, айни пайтда ушбу туман ҳокими бўлган Раҳмонбек Усмонов эса бу масалада сукут сақлашни лозим кўрмоқда.

Юқорида сўз юритилган мавзудан келиб чиқиб, бугунги пандемия сабаб ҳамма уйида қолаётган бир шароитда Юнусобод тумани аҳолисигагина тегишли бўлган бу муаммони ижобий ҳал этишни кечиктириб бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Масала юзасидан Энергетика вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Молия вазирликларидан тегишли муносабат кутиб қоламиз.

Дилшод Абдуқодиров

Дилшод Абдуқодиров
Тайёрлаган Дилшод Абдуқодиров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид