Жаҳон | 22:24 / 11.04.2020
16770
2 дақиқада ўқилади

Британияда фуқароларни карантиндан чиқаришга уриниш барбод бўлди

Буюк Британия ҳукуматининг коронавирусга қарши иммунитетга эга бўлган фуқароларни аниқлаш мақсадида оммавий тестдан ўтказиб, уларни иш фаолиятига қайтаришга бўлган уриниши бефойда бўлди.

Фото: Reuters

Уй тестлари тизими таҳлилларнинг деярли ярмида вирусга қарши антитана борлигини аниқлай олмади. Энди тестлар ҳали оммавий равишда бошланиб улгурмасидан тўхтатилиши мумкин.

Март ойида Буюк Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок фуқароларда SARS-Cov-2 вирусига қарши иммунитет борлигини аниқлаш, уларни ишга қайтариб, иқтисодиётни жонлантиришга ҳаракат бошланишини эълон қилган эди, деб хабар беради The Guardian.

Шу мақсадда жами 3,5 млн тест сотиб олинди. Аммо кейинчалик уларнинг 

Дори ва тиббий жиҳозларни назорат қилиш агентлиги (MHRA) стандартларига мос эмаслиги аниқланди. Тестларнинг кўпчилиги 50 фоиз ҳолатда антитанани тополмади. Энг аниқ тестлар эса фақт 70 фоиз ҳолатда фойда берди.

«Бошқача айтганда, бундай тестлар миллионлаб одамларни вируслар олдида ожиздек кўрсатиши мумкин, аслида эса уларда иммунитет ҳосил бўлган», - дейишмоқда Оксфорд университети олимлари.

Бундай ҳолатга йўлиқмаслик учун тестларнинг аниқлик даражаси камида 95 фоиз бўлиши керак.

Тестлар натижасида SARS-Cov-2 вирусига иммунитети йўқ бўлган одамларни аниқлаш кўрсаткичлари ҳам паст бўлган. Бу эса кўплаб одамлар, айниқса тиббий ходимлар учун хатарлидир. Чунки улар ўз вужуди иммунитет ҳосил қилгани ҳақида хато тасаввурга эга бўладилар.

Уй тестлари тизимига муқобил усул сифатида олимлар қон таҳлилидан фойдаланишни тавсия қилишмоқда. Унинг аниқлиги 100 фоизга яқин, аммо узоқ вақт ва маблағ талаб қилади.

Фуқароларнинг бир қисмини ишга тезкор қайтариш мақсадида тестларни ўтказиш Буюк Британия иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун зарур, аммо олимлар мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан ва уй тестлар тизимининг ишончли эмаслигидан келиб чиқиб, бундай чорани жуда ҳам хатарли деб ҳисобламоқдалар.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид