Уй сотиб олиш учун субсидия: энг кўп берилаётган саволларга жавоблар
Ўтган ҳафта Ўзбекистонда кам таъминланган, уй-жойга муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган шахсларга уй сотиб олиш учун субсидиялар тўлаш тартиби очиқланган эди. Давлат хизматлари агентлиги катта маслаҳатчиси Аброр Махсудов субсидия олиш боғлиқ энг кўп берилаётган саволларга жавоб берди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, субсидия ва арзон уй-жойлар бир-бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тушунча бўлиб, субсидияларга тегишли фармон чиққанидан сўнг арзон уй-жойлар дастури бекор қилинмаган.
Субсидия ўзи нима?
Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан тўланадиган ва қайтариб берилмайдиган маблағлар.
Бошланғич бадал – бу бирламчи бозордаги (янги қурилган) уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлади.
Субсидия, шунингдек, ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.
Бунда:
қишлоқ жойларда – биринчи 5 йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
Шаҳарларда (шу жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам) – дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида;
Тошкент шаҳрида биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун – 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Ҳар бир ҳудудда қуриладиган уй-жойлар сонидан келиб чиқиб, йил давомида ажратиладиган субсидиялар миқдори ҳақида Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда тегишли ҳокимликлари томонидан оммавий ахборот воситаларида маълумот берилади.
Субсидия олиш учун аризани давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин.
Субсидия олиш учун аризалар 2020 йил 1 октябрига қадар қабул қилинади.
Субсидиялар кимга берилади?
Субсидиялар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.
Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Меҳнат мигрантларининг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.
Субсидия ва арзон уйлар – бир хил тушунчами?
Эътибор беринг! Субсидиялар уйларни бозор нархида харид қилишга берилади. Яъни, субсидия ва арзон уй-жойлар – бир-бирига умуман алоқаси йўқ бошқа-бошқа тушунчалардир.
Шунингдек, субсидияларга тегишли фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ! Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган.
Арзон уй-жой учун навбатлар давлат хизматлари марказлари орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.
Субсидия олишда бериладиган баллар нимага керак?
Субсидия – бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим.
Субсидия берилиши учун авваламбор масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.
Масъул органлар – ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари. Буларнинг ҳаммаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққоний эканлигини текшириш учун керак.
Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.
Субсидия энг юқори балл тўплаганларга тартиб бўйича берилади.
Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?
– паспорт;
– оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;
– никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилгани тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);
– доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;
– доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси;
– ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.
Қандай ҳолатларда субсидиялар қайтарилади?
Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.
Эътибор беринг! Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари Сиздан фақатгина ариза олиб қолиб тайёр натижани тақдим этишга ваколатли.
Қолган масалалар, яъни кимларга қанча миқдорда субсидиялар ажратишни алоҳида комиссия ҳал қилади. Бу ишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди.
Субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат 1 марта берилади.
Мавзуга оид
14:34 / 30.10.2024
2025 йилда қайси йўналишга қанча субсидия ажратилади?
17:03 / 29.10.2024
Европаликлар уй-жойга пул тўлаш учун озиқ-овқат харажатларини камайтиришга мажбур бўлмоқда — сўровнома
18:15 / 14.10.2024
Уй сотиб олишга бўлган қизиқиш пасайишда давом этяпти
15:50 / 05.10.2024