Жамият | 07:17 / 19.04.2020
14688
3 дақиқада ўқилади

4 нафар хотин-қизнинг суицидга қўл уриши олди олинди – Сенат

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида парламент юқори палатаси томонидан йўлга қўйилган “Ишонч телефони” ёрдамида 4 нафар хотин-қиз ўз жонига қасд қилишининг олди олинган.

Бу ҳақда Kun.uz’га Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати раҳбари Жалолиддин Усмонов маълум қилди.

“Яқинда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган “Ишонч телефони” хизмати йўлга қўйилган эди. 2020 йилнинг 10–16-апрель кунлари мазкур тизим орқали оилавий ажримлар, алимент ундириш, суд қарорлари устидан шикоят, гендер нотенглик ҳамда психологик ёрдам бўйича жами 121 та мурожаат йўлланди. Уларнинг 110 таси ижобий ҳал этилди. Қолганлари эса карантин даврида озиқ-овқат билан таъминланиши сўралгани боис тегишли идораларга йўналтирилди.

Хотин-қизлар ишонч телефони оператори, ҳуқуқшунос ва руҳшуносдан маслаҳат ва ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олиб келишмоқда. Шу ўринда, 25 нафар опа-сингилларимиз томонидан ҳуқуқшуносга мурожаат келиб тушган. Аҳамиятлиси, 4 нафар хотин-қиз ўз жонига қасд қилишининг олди олинди”, дея Жалолиддин Усмоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Сенат ахборот хизматининг қўшимча қилишича, хотин-қизлар карантин даврида ҳар куни 8-00 дан 18-00 гача фаолият кўрсатадиган “Ишонч телефони”нинг қуйидаги рақамларига қўнғироқ қилиб, батафсил жавоб олишлари мумкин.

Ҳуқуқшунос: +99897 137 26 26;                        

Руҳшунос: +998 97 137 27 27; 

Ишонч телефони оператори: +99897 137 24 24

Шунингдек, Telegram’да очилган махсус канал орқали ҳам оилада тазйиқ ва зўравонликка учраётган хотин-қизларга бепул ҳуқуқий маслаҳат ва психологик ёрдам кўрсатиб борилиши маълум қилинди.

Яқинда БМТ бош котиби Антонио Гутерриш кўплаб аёллар коронавирус эпидемияси туфайли уйда зўравонликка дуч келаётгани, баъзи давлатларда зўравонликка қарши ёрдам хизматига мурожаат қилган аёллар сони икки баравар кўпайганини маълум қилганди.

БМТ маълумотига кўра, карантин даврида дунё бўйлаб ҳар учинчи аёл жисмоний ва жинсий зўравонликка дучор бўлмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинган, бу борадаги тизим такомиллаштирилиши айтилганди.

Мавзуга оид