Бунгача Америка разведка тузилмалари фаолиятини назорат қилувчи АҚШ Миллий разведкаси идораси директори ҳали ҳам коронавирус қаердан келиб чиққанини текшираётгани ҳақида маълум қилганди. Ушбу идора вирус сунъий тарқатилмаган ёки генетик модификация қилинмаган деган хулоса берган.

Ўз навбатида Хитой томони янги коронавируснинг сунъий тарзда тарқатилгани ҳақидаги айбловларни рад этаётган бир вақтда Трамп вирус дунёга тарқалишига Хитой айбдорлигини таъкидлашдан чарчамаяпти. АҚШ президенти коронавирусни «Хитой вируси» деб атаб келади.

Хитойнинг Уҳан шаҳрида бошланган пандемия натижасида бугун коронавирус билан дунёда 3,4 миллиондан ортиқ одам касалланган. Вирусга чалиниш ҳолатлари ҳануз давом этмоқда. Касалланганларнинг 245 мингга яқини вафот этди. Қурбонларнинг энг кўпи АҚШда (67,4 мингдан ортиқ).

Трамп бу масалада нималар демоқда?

Пайшанба куни Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистлардан бири Трампга: «Сиз Уҳандаги вирусология институти коронавирус манбаи бўлганлигини исботлайдиган бирор далилни кўрдингизми?», деб савол берди. Саволга жавобан Трамп ҳеч қандай тафсилотларсиз, қисқагина қилиб шундай деди: «Ҳа, ҳа, кўрдим. Ҳақиқатан ҳам кўрдим. Ўйлашимча, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзини Хитой ҳукуматининг реклама тарғиботчиси каби тутганидан уялиши керак».

Трампдан ЖССТ шаънига айтган айбловларини изоҳлашни сўрашганда у буни журналистларга айта олмаслиги, ўзида буни ошкор қилишга ваколат йўқлигини айтди. Трамп матбуот анжумани давомида Хитой ҳақидаги гумонларини давом эттирар экан, «Балки барчаси хато туфайли юз бериб, сўнг улар қасддан нимадир қилгандир?», дея қўшимча қилган.

«Хитой ҳукумати нега одамларга Уҳан шаҳри ва Хубэй провинциясидан мамлакатнинг бошқа ҳудудларига боришни тақиқлаб қўйганини, аммо ўша одамларга дунёнинг исталган бошқа мамлакатига чиқиб кетишга рухсат берганини тушунмаяпман. Вирусга чалинган одамлар Хитойнинг бошқа ҳудудларига бормасин, аммо дунёнинг исталган давлатига чиқиб кетаверсин, шунақами? Хитой ана шу жирканч иши учун жавоб бериши керак», деган Трамп.

Nеw York Times газетаси пайшанба куни хабар беришича, Оқ уйнинг юқори лавозимли расмийлари АҚШ разведка идораларига коронавирус тарқалиб кетишида Уҳан тадқиқот лабораториясининг алоқадорлигини аниқлашни буюрган.