Kun.uz мухбири пандемиянинг Марказий Осиё давлатларига таъсири ва кўрилаётган чоралар юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон журналистлари билан суҳбатлашди

Дастлабки мақолада Тожикистондаги вазият ҳақида сўз боради. Бу ҳақда тожикистонлик журналист Озод Мелибоев маълумот берди.

– Озод ака, бир қатор оммавий ахборот воситаларида Тожикистонда коронавирус борлиги, лекин ҳукумат буни яшираётгани ҳақида чиқишлар бўлди, лекин ҳукумат буни рад этиб келди. Мамлакатга ЖССТ миссияси ташриф буюриши эълон қилингандан кейин кўп ўтмай коронавирусдан зарарланиш ҳолати расман тасдиқланди ва бирданига 15 нафар беморда бу инфекция аниқланди. Нима деб ўйлайсиз, бунгача Тожикистонда коронавирусга чалинган беморлар бормиди ёки йўқмиди?

– Тўғри, ҳақиқатан ҳам, кеча (30 апрель куни) тушдан кейин коронавирус ҳолати мамлакатда расман қайд этилди (суҳбат 1 май куни ёзиб олинган – таҳр.). Пойтахт Душанбеда 5 киши ва мамлакат шимолида, Суғд вилоятида 10 кишида ушбу касаллик ташхиси қўйилди.

Унгача хориж манбалари, асосан, мухолифат манбалари коронавирус борлиги ҳақида иддаолар қилишди. Ҳақиқатан ҳам, шубҳали ҳолдаги ўлимлар сони кўпайди ва уларни шифокорлар махсус кийимларда яқинларига бермасдан кўма бошлади. Буларнинг ҳаммаси коронавирус борлигидан далолат берар эди.

– Коронавирус аниқлангани расман тан олингандан кейин Тожикистонда қандай вазият кузатиляпти, одамлар саросимада эмасми?

– Aммо одамлар у қадар ваҳимага тушиб қолишмади. Ўйлайманки, бунинг бир неча сабаби бор. Масалан, бунгача одамлар бир неча бор вирус ваҳимасини бошдан ўтказишди.