Ўзбекистон | 21:15 / 05.05.2020
12648
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда камида минг киши ишлайдиган йирик тўқимачилик ва тикув кластерлари қурилади

Соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.

Фото: Kun.uz

«Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати берган хабарга кўра, ҳужжат билан:

  • тўқимачилик корхоналари ва кластерларини янада қўллаб-қувватлаш, маҳсулот рақобатдошлигини ошириш мақсадида хомашё нархини 10 фоизгача пасайтириш имкониятини берувчи халқаро биржа нархларига ўтилади;
  • 1 апрелга қадар ички бозорда сотилган пахта толаси учун якуний тўлов муддати 90 кундан 150 кунгача узайтирилди;
  • тўқимачилик корхоналари экспорт қилган маҳсулот республикадан чиқиб кетиши билан қўшилган қиймат солиғи тўлиқ қайтарилади;
  • соҳа учун муҳим бўлган 64 турдаги хомашё ва материаллар божхона божидан озод қилинди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кескин кўпайтириш, йирик, камида 1 минг киши ишлайдиган, халқаро бренд остида ишлаб чиқарувчи замонавий йирик тўқимачилик ва тикув кластерларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2019 йилда тўқимачилик маҳсулотлари экспортидан 1,9 млрд доллар даромад олган. Бу кўрсаткични 2025 йилга бориб 7,1 млрд долларга етказишни режалаштирилган.

Мамлакатда июнь ойининг иккинчи якшанбасини Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати ходимлари куни деб белгилаш, «Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати фахрий ходими» кўкрак нишонини таъсис этиш таклиф қилинган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид