Ўзбекистон | 10:22 / 08.05.2020
17856
2 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда математикани ривожлантириш бўйича қарор имзолади

Ҳар бир туман ва шаҳарда математикага ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиб, уларга ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади.

“Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

Халқ таълими вазирлиги хабарига кўра, математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Мактабгача ёшдаги болаларда илк математик тасаввурларни шакллантириш бўйича замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш, ҳудудларда математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш устувор йўналишлардан биридир.

Қарорга кўра, ҳар бир туманда (шаҳарда) математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар (Ихтисослаштирилган мактаблар) босқичма-босқич ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларда мактаб директори тегишли туман (шаҳар) ҳокимининг иқтисодий ва бошқарув жараёнларига математик усуллар ва моделларни жорий қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синфлар босқичма-босқич, мавжуд эҳтиёж ва ўқувчиларнинг қобилиятидан келиб чиқиб ташкил этилади.

Ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчилар белгиланган тартибда танлов асосида саралаб олинади.

Математика фани чуқурлаштирилиб ўқитиладиган синф битирувчилари тегишли ОТМларнинг математика таълим йўналишларига улар учун белгиланган мақсадли параметрлар бўйича ўқишга қабул қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид