Ўзбекистон | 23:07 / 13.05.2020
6259
2 дақиқада ўқилади

ЕТТБ 2020 йилда Ўзбекистон ЯИМ 1,5 фоизга ўсишини прогноз қилди

ЯИМнинг қарийб 8 фоизини ташкил этадиган Россиядан келувчи пул ўтказмалари камайиши ва коронавирус тарқалиши сабабли туризм ва меҳмонхона соҳалари катта зарар кўриши кутилмоқда.

Коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан глобал иқтисодий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг 1,5 фоизга ўсиши кутилмоқда, дейилади Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (EТТБ) макроиқтисодиётга оид ҳисоботида. 

Банк 2021 йилда экспортнинг тикланиши ва ички талабнинг ўсиши шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг 6,5 фоизга ўсишини башорат қилмоқда.

EТТБнинг "Минтақавий иқтисодий истиқболлар" ҳисоботига кўра, коронавирусни тўхтатиш бўйича чоралар ва экспорт ҳажмларининг камайиши туфайли иқтисодиёт сустлашади.

Инқироздан аввал кузатилган хусусий сектор кредитларининг жадал кенгайиши агарда ижтимоий масофани сақлаш чоралари узоқ вақт давомида амал қиладиган бўлса, банк тизими барқарорлигига салбий таъсир кўрсатадиган манбага айланиши мумкин.

Ҳисоботда айтилишича, ялпи ички маҳсулотнинг қарийб 8 фоизини ташкил этадиган Россиядан келувчи пул ўтказмалари камайиши ва коронавирус тарқалиши сабабли туризм ва меҳмонхона соҳалари катта зарар кўриши кутилмоқда.

Қайд этилишича, Хитой Ўзбекистондан товарларни экспорт қилишнинг асосий бозори бўлса-да, унинг улуши жами экспортнинг атиги 14 фоизини ташкил қилади, мамлакатнинг умумий экспорт таркиби эса маҳсулот ва бозор нуқтаи назаридан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан кўпроқ диверсификацияланган.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2020 йил январь-март ойларида ЯИМ ўсиши 2019 йил январь-мартдаги 5,7 фоиз ва 2018 йил январь-мартдаги 5,6 фоизга нисбатан 4,1 фоизгача секинлашган.

Мавзуга оид