Ўзбекистон | 20:23 / 14.05.2020
160395
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги маҳаллалардан бирида коронавирусга чалинганлар сони кескин ошди. Ҳудуд тўлиқ ёпилди

Тошкентдаги «Улуғбек» маҳалласида коронавирусга чалинганлар сони ортгани сабабли карантин чоралари кучайтирилди.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида коронавирус билан касалланганлар ҳамда улар билан мулоқотда бўлган фуқаролар сони кескин ошиб бораётганлиги сабабли мазкур маҳалла ҳудудида карантин чоралари кучайтирилди. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги маълум қилди.

Мазкур маҳалла ҳудудидаги барча кириш ва чиқиш йўлларида блокпостлар ташкил этилган ҳолда тўлиқ ёпилган. Ушбу ҳудудда тун-у кун навбатчилик ташкил этилиб, қатъий назорат ўрнатилган.

Маҳалла фуқароларига фақатгина зарур ҳолларда бир оиладан бир кишига дори воситалари, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари хариди учун кўчага чиқишига рухсат берилади.

Ҳокимликнинг маълум қилишича, маҳалла ҳудудида аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда арзонлаштирилган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилади.

«Ҳурматли фуқаролар! Ушбу карантин қоидаларига риоя этишингизни сўраб қоламиз ва бу орқали ўзингиз ва оила аъзоларингизни саломатлигини асраган бўласиз!», дейилади ҳокимлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 8 майдан Ўзбекистонда вилоятлар коронавирус хавфи даражасига қараб «қизил», «сариқ» ва «яшил» ҳудудларга ажратилган. 11 майдан эса коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда мамлакат ҳудудлари туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратиладиган бўлди.

Тошкент шаҳридаги барча туманлар «сариқ» ҳудуд сифатида белгиланган.

Мавзуга оид