Ўзбекистон | 20:47 / 18.05.2020
14610
3 дақиқада ўқилади

«Ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас» – ТИВ давлат тили билан боғлиқ масалалар давлатнинг ички сиёсати эканини эслатди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий давлатлар баъзи расмий шахсларининг мамлакатда қонунчилик талабларига мувофиқ, жамоатчилик муҳокамасига киритилган давлат тили масаласи бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат юзасидан билдирган фикрларига муносабат билдирди.

«Давлат тилини тартибга солувчи соҳага боғлиқ масалалар давлатнинг мутлақ ички сиёсатига дахлдор бўлиб, ҳар қандай аралашув асло мақбул эмас.

Мамлакатимиз ҳудудида яшовчи барча миллат ва элатлар тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш республика қонунчилигида ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади.

Бундан ташқари, 1995 йилда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига биноан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилади.

Шунингдек, қонун ўз она тилини ўрганиш ва ундан фойдаланиш, хусусан таълим олиш, давлат ташкилотларига мурожаат қилиш, ҳуқуқий ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш ҳамда ишбилармонлик муомаласида ҳеч қандай тўсиқларсиз қўллаш имкониятини кафолатлайди.

Кўплаб мактаб ва олий таълим муассасалари, жумладан хорижий университетлар филиаллари, маданият марказларида ўқитиш, даврий нашрларни чоп этиш, теле- ва радиодастурлар турли тилларда олиб борилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистонда истиқомат қилувчи бошқа миллатлар ҳолати тўғрисида ташвишларга ҳеч қандай асос йўқ. Гап юқорида зикр қилинган 1995 йилда қабул қилинган қонун ижроси ҳақида кетмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатимизда давлат тили ҳақидаги қонун талабларига риоя этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш жараёнида холис бўлишга, олдиндан асоссиз хулоса чиқармасликка ва ҳурмат сақланишига умид қилади», дейилади ТИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Адлия вазирлиги давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга жавобгарлик белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиққанди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова 14 май куни ўтказилган брифинг вақтида Ўзбекистонда рус тили билан боғлиқ вазиятга изоҳ бериб, «Ўзбекистонда иш юритиш жараёнларида рус тилидан фойдаланиш республика фуқароларининг манфаатларига мос келиши»ни айтди.

Мавзуга оид