Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ элчиси Киевда Захарованинг ҳақоратомуз постига жавоб қайтарди
“Музлаётган квартираларда, вайрон қилинган болалар боғчалари ёки -23 даражада иситишсиз қолдирилган шифохоналарда ҳеч нарса ажойиб эмас”, — деб ёзди Матернова Захарованинг постига жавобан.
Фото: Alex Babenko/AP
РФ ТИВнинг расмий вакили Мария Захарова 3 феврал куни ўзининг X микроблогида ЕИнинг Киевдаги элчиси Катарина Матерновни масхара қилди. У Матернова навбатдаги РФ ҳужуми вақтида Киевдаги меҳмонхонасининг ваннахонасида матрас устида ўтирган ҳолда туширилган суратни эълон қилганини тилга олиб, уни “ҳаётининг ажойиб сурати” деб атади. Чоршанба куни, 4 февралда Матернова Facebook’да Захарованинг унга ҳужум қилиши сабаби — у Россиянинг Украинага ҳужумлари келтириб чиқараётган даҳшатлар ҳақида очиқ гапираётганида, деб ёзди.
Захарова ўз постида ЕИни гўёки йиллар давомида Донбассдаги одамлар тақдири билан қизиқмаган, ҳозир эса Украинадаги “қирғин”ни “молиялаётган”ликда айблайди.
“Уруш олиб бораётган агрессорнинг оғзаки вакили Россия ракеталари ва дронларидан бошпана бўлган аёлнинг суратини сексуаллаштирса, бу на мен ҳақимда, на Европа Иттифоқи ҳақида бирор нарса дейди — бу Мария Захарова тақдим этаётган режим ҳақида ҳамма нарсани айтади”, — дея жавоб берди Матернова.
У шу билан бирга, кечани ванна хонасида ўтказганини эслатди, чунки Киев Россиянинг дрон ва ракеталар қўлланган навбатдаги оммавий ҳужумига учраган. “Миллионлаб украинлар ҳам худди шу сабаб билан тўрт йилдан бери ертўлаларда, йўлакларда ва бомбадан паноҳ жойларида ухламоқда”, — деди у.
“Музлаётган квартираларда, вайрон қилинган болалар боғчалари ёки -23 даражада иситишсиз қолдирилган шифохоналарда ҳеч нарса ажойиб эмас. Қишни оммавий қирғин қуроли сифатида ишлатишда ҳеч нарса кулгили эмас. Тинч аҳолининг азобини масхара қилиш — бу дипломатия эмас. Бу — инсонийлик либосини ечиб ташлаган соф тарғибот”, — деб таъкидлайди европалик дипломат.
Якунда Катарина Матернова ҳеч нарса уни Россия Украинага келтираётган даҳшатлар ҳақида дунёга айтишдан тўхтатолмаслигини билдирди.
Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, 4 февралга ўтар кечаси Россия Украинага 105 та дрон (учувчисиз учиш аппарати) билан ҳужум қилган, шулардан тахминан 70 таси Shahed туридаги дронлар бўлган. Улар РФдаги Орёл, Брянск, Приморско-Ахтарск йўналишларидан, шунингдек Донецкдан ва қўшиб олинган Қримдаги Чауда буруни томондан учирилган.
Ҳисоботга кўра, эрталабга келиб мамлакатнинг шимоли, жануби ва шарқида 88 та дрон уриб туширилган ёки нейтраллаштирилган. Шу билан бирга, 17 та ҳужумкор дрон 14 та нуқтада нишонга теккани ва 5 та нуқтада парчалар қулагани қайд этилган.
4 феврал куни Украина бош вазири Юлия Свириденко мамлакат энергетикасидаги фавқулодда вазият бўйича ўтказилган йиғилиш якунлари бўйича, 2016 йил бошидан бери РФ ҚК Украина энергетика тизимига 217 та ҳужум содир этганини маълум қилди.