Жорий йилги баҳор мавсуми турли табиий офатларнинг кўплиги билан ёдимизда қолди. Ёғингарчиликлар, кучли шамол каби табиий офатлар кўплаб хонадонларга, аҳолига ва айниқса тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганларга жиддий зарар етказди. Биргина мисол, Сирдарёдаги Сардоба сув тошқини оқибатида жуда кўплаб тадбиркорликка ихтисослашган бинолар бутунлай яроқсиз ҳолатга келди. Бухородаги кучли шамол, кўплаб ишлаб чиқариш объектларига, уларнинг том қисмига жиддий зарар етказди. Бу тадбиркорларнинг фаолиятини бутунлай ёки қисман тўхтаб қолишига сабабчи бўлди.

Мисол учун, 27 апрел куни Бухоро вилоятида тезлиги секундига 25 метр бўлган шамол кузатилди. Бу офат оқибатида вилоят бўйича 5293 та бино, 415 та транспорт воситаси, 42400 та дарахт талафот кўрган, ўнлаб кишилар турли даражада тан жароҳати олган, бир киши вафот этган. Навоий вилоятининг Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Кармана туманларидаги, шунингдек, Қашқадарёдаги бир неча ҳудудларда жойлашган объектлар ҳам зарар кўрган.

1 май куни эса Сирдарё вилоятида фалокат кўлами уч кун олдинги офатдан ҳам кенг бўлган сув тошқини содир бўлди. Сардоба сув омборидаги тўғоннинг бузилиб кетиши оқибатида Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг жами 32381 гектар майдонлари талафот кўрди. Ушбу туманларнинг 10 та маҳалла фуқаролар йиғини, 23 та аҳоли пункти, ҳудудлардаги 4711 та турар ва 277 та нотурар жой объектларига ҳамда 30718 гектар экин майдонларига зарар етди.

Албатта бундай вазиятларда зарар кўрилганда, турли кутилмаган офатлар юзага келганида хатарларни олдини олиш учун тадбиркорлар ва фуқаролар мол-мулкларини суғурталаш қанчалик муҳим экани кўзга ташланади. Айниқса тадбиркорлар суғурта компаниялари билан тузган суғурта шартномалари, уларнинг жонига оро киради. Бугун табиий офатлар натижасида зарар кўрган тадбиркорлар олдида суғурта компаниялари шартнома бўйича қандай мажбуриятларни бажаришмоқда?

Хусусан, «Euroasia Insurance» суғурта компанияси мижозлари орасида ҳам ушбу талафотлардан зарар кўрганлар кам эмас, ҳозирда кўрилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича эксперт гуруҳлар ишламоқда ва зарар умумий миқдори аниқлангандан сўнг суғурта қопламалари ўз вақтида тўланишини ташкил этилади. Табиий офат юз берган ҳудудларда ишчи гуруҳлар фаол иш олиб бормоқда.