Ўзбекистон | 22:58 / 31.05.2020
12206
6 дақиқада ўқилади

Ташкил этилиши кутилаётган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасига кимлар ишга олиниши маълум қилинди

Ўзбекистонда ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича ташкил этилиши кутилаётган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасига юқори аҳлоқий сифатларга эга бўлган, Ички ишлар, прокуратура, адвокатура, суд тизимида бевосита маҳкумлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган, яъни қийноққа солиш ҳолатлари ҳақида тушунчага эга мутахассислар ишга олинади.

“2019-2021 йилларда Ўзбекистон жиноят-ижроия қонунчилигини такомиллаштириш концепциясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш, шунингдек тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида «Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор билан республикамизда ушлаб туриш, ҳибсда сақлаш, тергов ва жазони ижро этиш муассасаларида қийноқларнинг олдини олиш бўйича мустақил қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қарор лойиҳаси 1-2 кунда ишлаб чиқарилгани йўқ. Уч ой давомида мутасадди ташкилотлар, Омбудсман билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди. Сиз айтган 2та масала эътибордан четда қолгани йўқ. Дастлаб эътибордан четдан қолган эди. Кейинчалик Судьялар олий кенгашининг таклифлари асосида бу масала кўриб чиқилди. Ҳозирги лойиҳада саволингиз қандай ечим топмоқда? Савол халқаро ҳуқуқ талабларидан келиб чиқиб, ҳал қилинмоқда. Яъни БМТнинг 2002 йилдаги факультатив нормаси мавжуд. Қийноқнинг олдини олиш бўйича тузиладиган қўмитада ким ишлаши керак? Биринчи талаб – юқори аҳлоқий сифатларга эга бўлган, иккинчи талаб – одил судлов, жазони ижро этиш тизими, адвокатура, суд ва прокуратура, яъни қийноқ билан ишлаш иш тажрибасига эга бўлган деган иккита талаб қўйилган.

Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда ҳам бизга талаб берилдики, қўмитага тиббий мутахассис жалб қилиш, нуқтайи назаридан ёндашган экансиз, тиббий мутахассислар ҳам ишлаши мақсадга мувофиқ деган таклифлар ҳам келиб тушган. Ҳозирги вақтда шуларни умумлаштирган ҳолда халқаро конвенция талабидан келиб чиқиб, қўмита аъзолари кимлар бўлади деган саволга, юқори аҳлоқий сифатларга эга, Ички ишлар, прокуратура, адвокатура, суд тизимида бевосита маҳкумлар билан ишлаш тажрибасига эга бўлган ходимлар ҳисобидан жамланади”, дейди ИИВ пробация хизмати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Икром Фозилов.

Унинг айтишича, янги қўмита қийноқлар бўйича келиб тушган мурожаатлар юзасидан мустақил қарор қабул қила олади.

“Қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида мурожаатлар билан ишлаж жараёнида келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоли ҳаолатлар ҳам муҳокама қилинган. Дейлик, қийноқлар бўйича мурожаатларни қайси орган ўрганиши, агар қўмита мурожаатларни мустақил ўргана олмаса ва уларни бошқа органларга йўналтирадиган бўлса, бу сунъий тўсиқларни юзага келтириши, мурожаат эгалари ортиқча вақт йўқотиши – ҳамма-ҳаммаси ўрганилган. Адвокатлар палатаси томонидан бу борада бир қатор таклифлар билдирилган. Лойиҳада бу масаланинг ечими топилган.

Жисмоний, юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатлари фақат қўмита томонидан кўриб чиқилади. Агар бу борада бошқа идоралар тизимига мурожаатлар келиб тушса, улар тегишлилигига Қийноқнинг олдини олиш қўмитасига юборилади.

Иккинчи масала, Қийноқнинг олдини олиш қўмитаси ҳолатни тезкор, холис ўрганиб чиқишини таъминлаш мақсадида жиноят иши қўзғатиш ваколатига эга бўлиш нуқтайи назаридан ёндашиб, Жиноят-процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида шундай топшириқ кетяптики, тергов орқали текширув ваколатини амалга оширувчи орган сифатида намоён бўлиши назарда тутилмоқда. Яъни келиб тушган мурожаатни кўради, ҳолат тасдиқланса, жиноят иши қўзғатилади”, дейди Икром Фозилов.

Брифингда таъкидланишича, ташкил этилиши кутилаётган қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, ўз фаолиятида Республика президенти ва Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдор бўлиши белгиланган.

Лойиҳада қўмитанинг асосий вазифалари сифатида:

  •  жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш;
  •  қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш;
  •  жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;
  •  қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;
  •  қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш белгиланган.

Шунингдек, ҳужжатда ушлаб турилган ва қамоққа олинганлар сутканинг исталган вақтида телефон орқали, шу жумладан видеоконференсалоқа режимидан фойдаланган ҳолда мурожаат қилиши мумкин бўлган Қийноқнинг олдини олиш қўмитасининг «call-маркази»ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.

2019–2020-йилларда ДХХ тергов изоляторлари ва бошқа муассасаларида мониторинг ўтказилмаган – Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили

Мавзуга оид