Ўзбекистон | 16:33 / 02.06.2020
10582
3 дақиқада ўқилади

МИБ Тошкент марказидаги суд ажримига зид қурилиш ҳолати бўйича ахборот берди

Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳри марказида аҳоли қаршилиги ва суд ажримига қарамай кўп қаватли уйлар қурилиши давом этаётгани масаласига муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Чилонзор туман маъмурий судининг шу йил 29 майдаги ажрими билан, Тошкент шаҳар ҳокимининг 01.11.2018 йилдаги 1556-сонли қарорига асосан «SILK ROAD GROUP INVESTMENTS» МЧЖга ажратилган Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус ва Ойбек кўчалари кесишмасидаги ер майдонида бошланган қурилиш-монтаж ишларини ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар тўхтатиш белгиланган.

Мазкур ижро ҳужжати бюронинг Миробод туман бўлими иш юритувига 29.05.2020 йилда келиб тушган ва давлат ижрочиси томонидан 30.05.2020 йилда Нукус ва Ойбек кўчалари кесишмасидаги ер майдонига чиқилганда «SRG INVESTMENTS» МЧЖ ҚК томонидан қурилиш монтаж ишлари амалга оширилаётгани аниқланган.

Қайд этилишича, «SRG INVESTMENTS» МЧЖ ҚК вакиллари олиб борилаётган технологик жараённи ҳозирда тўхтатишнинг имкони йўқлигини, лекин қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилиши маълум қилгани сабаб ижро ҳаракатлари 01.06.2020 йил куни соат 10:00га қолдирилган ва бу ҳақида далолатнома расмийлаштирилган.

«Жорий йилнинг 01.06.2020 йилда такроран мазкур манзилга чиқилганда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмагани аниқланган ва «SRG INVESTMENTS» МЧЖ ҚК ходимларига қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиши лозимлиги тушунтирилиб, суд ажрими ижро этилмаган тақдирда жамият раҳбарларига нисбатан маъмурий жазо қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Тегишли тартибда огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмагани, давлат ижрочиларининг қонуний талаблари бажарилмагани сабабли бу ҳақида далолатнома расмийлаштирилган ҳамда 01.06.2020 йилда «SRG INVESTMENTS» МЧЖ ҚК раҳбари М.Абишевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 198(1)-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилган», – дейилади МИБ расмий ахборотида.

Қўшимча қилинишича, 1 июнь куни мазкур манзилдаги қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.

Эслатиб ўтамиз, қурилиш олиб борилаётган ҳудуд Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йилдаги 322-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2016 йилдаги қарори билан парк қуриш учун Маданият ва спорт ишлари бошқармасига берилган.

Лекин кўп ўтмай шаҳар ҳокимининг бу қарори бекор қилинган, ўтган йиллар давомида шаҳар ҳокимининг мазкур ер майдонига оид бир нечта қарорлари чиқарилган.

Миробод туманининг Салар маҳалласи фуқаролари ушбу 1,8 гектар майдонда кўп қаватли уйлар эмас, аввал белгиланганидек маданият ва истироҳат боғи барпо этилишини истамоқда. Бир гуруҳ фуқаролар шу мақсадда Чилонзор туман маъмурий судига мурожаат қилган, суд ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар қурилишни тўхтатиб туриш бўйича ажрим чиқарган.

Мавзуга оид