Қабул-2020: Чет тили сертификатлари, имтиёзлар ва истиснолар ҳақида батафсил
Абитуриентлар орасида кириш имтиҳонларида хорижий тил фанидан максимал балл олиш имконини берувчи тил сертификатларига қизиқиш ортиб бормоқда.
Давлат тест маркази Чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси берган маълумотга кўра, 2019/20 ўқув йили аввалида ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналиши учун ҳужжат топширган 1 066 926 нафар абитуриентнинг 11 250 нафарида чет тили бўйича имтиёз берувчи сертификат бўлган.
Мазкур сертификатларнинг асосий қисмини IELTS ва ДТМ имтиҳони асосида бериладиган CEFR миллий сертификати ташкил қилган.
ДТМда инглиз тилидан ташқари яна 13та тил учун имтиҳон асосида миллий сертификат бериш тизими бор.
Имтиёз учун талаб қилинадиган даража
2020/21 ўқув йилидан бошлаб, фанлар мажмуасига чет тили киритилган бакалавриат таълим йўналишларидан бирини танлаган абитуриент имтиёз олишни хоҳласа, тил бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлиш талаб этилади.
Агар абитуриент В2 ва ундан юқори даражага эга бўлса, унга ушбу фандан белгиланган максимал балл берилади.
Ўтган йил билан солиштирганда
2019/20 ўқув йилида чет тили биринчи фан бўлган таълим йўналишлари учун ДТМ томонидан берилган чет тилини билиш тўғрисидаги сертификат (миллий сертификат) ёки IELTS (5,5), TOEFL IBT (72 балл) халқаро имтиҳон тизимлари бўйича В2 ва ундан юқори тил билиш даражаси талаб қилинган.
Чет тили асосий фан бўлмаган таълим йўналишлари учун эса мос равишда IELTS имтиҳонидан 4,5, TOEFL IBT’дан 42 балл, СEFR имтиҳонидан В1 ва ундан юқори даража сўралган.
«Барча тиллар учун B2 даража зарур ва истисноли ҳолат мавжуд...»
2019 йил 13 майдаги президент қарорига биноан, 2020/21 ўқув йилидан бошлаб, тест синовлари мажмуасига чет тили киритилган барча бакалавриат йўналишлари учун сертификатдаги тил даражаси бир хил (биринчи, иккинчи фанга қараб даражаланмайди) этиб белгиланган.
Бунда барча бакалавриат йўналишларига инглиз тили учун миллий сертификат ёки IELTS (5,5), TOEFL IBT (72), Cambridge Assessment English FCE учун В2 ва ундан юқори даража талаб этилади.
Лекин истисноли ҳолат шундаки, 2019 йилга қадар ДТМдан олинган миллий сертификатнинг амал қилиш муддати ушбу сертификатнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолиниши ҳам қарорда кўзда тутилган.
Бу дегани 2019 йилга қадар ДТМ томонидан берилган В1 даражадаги миллий сертификат (амал қилиш муддати тугамаган бўлса) ҳам абитуриентга кириш имтиҳонида имтиёз бериши мумкин.
ДТМ матбуот хизмати ходими Жамшидбек Одиловнинг аввалроқ Kun.uz`га берган маълумотига кўра, бу истисно халқаро сертификатларга нисбатан қўлланмайди. Чунки халқаро сертификатлар илк марта 2019 йилдан миллий ОТМга кириш учун имтиёз сифатида тан олинди. Шунинг учун 2019 йилдан олдин олинган B1 даражадаги халқаро сертификатларнинг имтиёзи 2020/21 ўқув йили учун имтиҳонда абитуриентга максимал балл бермайди.
Яъни барча тиллар бўйича халқаро сертификатларнинг даражаси муддатидан қатъи назар, B2 даражада бўлиши керак.
Имтиҳонда имтиёз берадиган умумий балл
Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев бошчилигида ўтган қабул масалаларига бағишланган брифингда жорий йил истисно тариқасида фақат 2та мутахассислик фанидан имтиҳон олиниши маълум қилинганди.
Бу ҳолатда баллар қуйидагича белгиланади:
- 1-блок - 30та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,2 балл берилади, жами 96 балл тўплаш мумкин;
- 2-блок - 30та савол, ҳар бир тўғри жавобга 3,1 балл берилади, жами 93 балл берилади.
Демак, агар абитуриент танлаган йўналишда чет тили биринчи фан бўлса, у имтиёз берувчи сертификати билан 96 баллга эга бўлиши мумкин. Агар чет тили иккинчи блок бўлса, абитуриентда имтиёз билан максимал 93 балл олиш имкони бўлади.
Маълумот учун айтиш жоизки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети 2019 йилдан олдинги В1 сертификатларини (амал қилиш муддати тугамаган бўлса ҳам), Тошкент давлат юридик университети эса writing (ёзиш) кўникмаси 5,5 баллдан паст IELTS сертификатларини қабул қилмайди.
Сертификатларни текшириш
Имтиёз билан битта блокдан тўлиқ баллга эга бўлиш кўпчилик абитуриентлар учун маъқул танлов бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, яна бир савол бор: имтиёз учун тақдим этилган ҳужжатнинг ҳақиқийлиги қандай назорат қилинади?
ДТМнинг бу бўйича берган маълумотига кўра, чет тилини билиш даражасини кўрсатувчи халқаро сертификатларнинг ҳақиқий ёки сохта эканини текширишнинг бир нечта усуллари бор.
Халқаро сертификатларнинг ҳақиқийлигини текшириш чет тилини билиш даражасини кўрсатувчи сертификатларни тақдим этувчи давлатларнинг қонунчилиги ва уни берувчи ташкилот сиёсатига қараб, турлича амалга оширилади.
Миллий сертификат (DTM), HSK (хитой тили) каби тест тизимларининг расмий веб сайтида сертификатни текшириш имконияти мавжуд.
Айрим тест тизимлари (IELTS – Британия Кенгаши, FCE – Cambridge assesment ташкилоти, TOEFL IBT – Educational Testing Service ташкилоти, TestDAF – TestDAF институти, Goethe Zertifikat – Гёте институтлари билан ДТМ ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Мазкур ҳамкорлик доирасида сертификатларни текшириш бўйича томонларнинг келишуви мавжуд.
Бундан ташқари, айрим турдаги (DSD – немис тили, шунга ўхшаш баъзи тил сертификатлари) сертификатларни текшириш учун бу тест тизимлари тегишли бўлган давлатларнинг Ўзбекистондаги элчихоналарига сўров юборилади.
Яна бир турдаги, француз тили бўйича бериладиган DELF, DALF сертификати бу тест тизимининг Ўзбекистондаги ваколатли органлари ва Давлат тест марказининг фан бўйича мутахассислари ҳамкорлигида текширилади.
Агар сохта сертификат аниқланса...
ДТМ берган маълумотга кўра, тил сертификати сохталиги аниқланса, бу сертификат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади. Улар томонидан сохталаштириш учун тегишли чора кўриш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, талабаликка тавсия этилган абитуриент ўзи эга бўлган тил сертификатини ОТМга топширади. ОТМ ҳам бу ҳужжатни яна бир бор текширади. Агар тил сертификати сохта экани аниқланса, уни тақдим этган шахс талабалар сафидан четлаштирилади.
Зилола Ғайбуллаева
Мавзуга оид
12:07 / 23.10.2024
“Катта натижаларга эришиш мумкинлигини қизларимга исботлаш учун IELTS’дан максимал балл олишга ҳаракат қилдим” — IELTS’дан 9 балл олган илк ўзбекистонлик аёл
17:02 / 31.05.2024
IELTS’дан 4 балл билан ҳам магистратурага кириш мумкинми?
15:10 / 07.12.2023
Аввал тест ишлаб, кейин қаерда ўқиш танланади – 2024 йилдан абитуриентлар қабули ўзгаради
14:13 / 04.12.2023