Жаҳон | 00:55 / 14.06.2020
5072
2 дақиқада ўқилади

Украина хорижликларнинг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни бекор қилди

Мамлакатга келадиган хориж фуқаролари Украинада даволаниш харажатларини қоплайдиган суғурта полисига эга бўлишлари лозим.

Фото: Facebook/Державна прикордонна служба України

Украина коронавирус пандемияси сабабли март ойида хорижликларнинг мамлакатга киришига қўйилган тақиқни бекор қилди. Ҳукумат бу борада қарор қабул қилди, деб хабар берди Украина давлат чегара хизмати. 

Эндиликда қонуний асосга эга бўлган хорижликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар санитария-эпидемиология меъёрларига амал қилган ҳолда Украинага келишлари мумкин.

Бундан ташқари, мамлакатга келадиган хориж фуқаролари Украинада даволаниш харажатларини қоплайдиган суғурта полисига эга бўлишлари лозим. Бунда "коронавирус инфекцияси билан касалланиш кенг тарқалган мамлакатлар"дан келганлар тиббий кузатувга жойлаштирилади. Ушбу мамлакатларнинг фуқаролари охирги 14 кун давомида ўз ватанларида бўлмаган бўлса бу қоида уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Шунингдек, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари, халқаро миссиялар ходимлари, Украинада аккредитациядан ўтган ташкилотлар аъзолари ҳамда уларнинг оила аъзолари, халқаро юк транспорти бошқарувчилари ҳам тиббий кузатувга жойлаштирилмайди.

Маълум қилинишича, ҳар 100 минг кишига 40дан ортиқ касалланиш ҳолати тўғри келадиган давлатлар "коронавирус инфекцияси билан касалланиш кенг тарқалган мамлакатлар" ҳисобланади. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар уч кунда Украина давлат чегара хизматига тегишли рўйхатни тақдим этади.

Охирги маълумотларга кўра, Украина вирус билан касалланиш бўйича 30,5 мингта ҳолат қайд этилган, 880 нафар бемор вафот этган. Ўтган суткада мамлакатда антирекорд қайд этилди – 753та янги касалланиш ҳолати аниқланди.

Мавзуга оид