Жамият | 17:53 / 16.06.2020
19054
3 дақиқада ўқилади

Сув келди — фотосуратга туширилиб вазирга кўрсатилди — сув ўчди. Нишондан яна мурожаат

Kun.uz Нишон тумани Байналмилал маҳалласи мурожаатига асосан, туманда аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш билан боғлиқ муаммони ўрганиб, эълон қилганди.

Буни қарангки, ҳолат сайтда ёритилгач, тез орада Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги вазиятга эътибор қаратди.

Ахборот хизмати тақдим этган маълумотда шахсан соҳа вазири Музаффар Салиев муаммони назоратга олгани айтилган эди.

Шунингдек, 5 июндан бошлаб «Байналмилал» МФЙга қарашли аҳоли пунктларига ичимлик суви етказилиши йўлга қўйилди, дея хабар берилганди.

Бу рост. Ҳақиқатан ҳам ахборот хизмати тақдим этган видео ва суратларда ўша ҳудудга обиҳаёт етиб боргани акс этганди. Буни мурожаатчиларнинг ўзи мамнуният билан тасдиқлашганди.

Одатда бунақаси камдан кам ҳолатда кузатилади. Яъни биргина вазирнинг назари билан минглаб одамларнинг муаммоси ҳал бўлди, деб ўйлагандик.

Байналмилал маҳалласига 5-6 кун давомида ичимлик суви бориб турди. Аслида бу сув ҳали истеъмолга яроқсиз, яъни йиллар давомида оқмагани учун ҳам лойқа эди. Одамлар шунга ҳам хурсанд, бир ҳафта-ўн кунда сув тиниб кетишига умид боғлашди. Аммо мана, қарийб бир ҳафтаки, эрта қувонган фуқароларнинг тарвузи қўлтиғидан тушди: сув йўқ.

Одамлар яна умидсизликка берилган. Ҳеч ким фуқароларга бунинг сабабини тушунтирмаяпти, вазиятни изоҳламаяпти.

Биз дастлаб мурожаатчиларни эшитганимизда: «Нега бизни алдашади? Қандайдир байрам муносабати билан ёки депутатлар сайланадиган кунда, атиги икки марта сув беришганди. Тоза сув истеъмол қилишга ҳаққимиз йўқми?» дейишганди.

Англашиладики, муаммога эътибор қаратган вазирнинг нигоҳи Нишонга аслида етиб бормаган кўринади. Ёки бир марта, зўрма-зўраки етказиб берилган ичимлик сув сурати билан вазирга ёлғон ахборот етказилган.

Умуман, мутахассислар масала моҳиятига эътибор қаратмаган, дейиш мумкин. Боиси ўша суриштирувимизда айнан ҳудудларга сув етказиб бериш билан боғлиқ тизимли муаммоларга ҳам тўхталган эдик.

Исомиддин Пўлатов

Мавзуга оид