Ўзбекистон | 17:53 / 16.06.2020
6082
2 дақиқада ўқилади

Хорижда қолган абитуриентларнинг имтиҳонлардаги иштироки масаласида изоҳ берилди

«Ҳозирда хорижда бўлиб турган, 2020/21 ўқув йили учун ҳужжат топширган абитуриентларнинг кириш имтиҳонида иштирок эта олиши сўроқ остида. Улар имтиҳонгача Ўзбекистонга қайтиб кела олмаслиги, қайтиб келганда ҳам карантинга олиниши мумкин. Мазкур масала қандай ҳал қилинади?»

Ушбу саволга Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев жавоб берди.

«Абитуриент Ўзбекистонга келгандан кейин карантин зонасига олинадиган бўлса, имтиҳонда қатнашиш имконияти чегараланади. Бу масалани қандай ҳал қилишни ўйлаб кўрамиз. Навбатдаги учрашувларда бу бўйича маълумот берилади.

Балки хорижда бўлиб турган, олий таълим муассасасига кирмоқчи бўлган контингентдагиларнинг ҳаммасини йиғган ҳолда уларга имтиҳонга қатнашиш учун алоҳида имконият қилиб берармиз. Чунки карантин зонасидан туриб имтиҳонда қатнаша олмайди», – деди Мусаев 15 июнь кунги брифингда.

Маълумот учун, бу йил кириш имтиҳонлари 1 августдан бошланиши режалаштирилмоқда. Абитуриентлардан ҳужжатлар 20 июндан 20 июлгача (20 июль куни ҳам) қабул қилинади.

Ҳужжатларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва Давлат тест марказининг расмий сайти (www.dtm.uz) орқали топшириш мумкин.

15 июндан бошлаб эпидемиологик вазият барқарор давлатлар билан авиақатновларни тиклашга рухсат берилди. Бунда халқаро авиарейслар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифага ажратилмоқда. «Яшил» рейсларда келганлар карантинга олинмайди, «сариқ» рейслар йўловчилари 14 кунлик уй карантинига олинади, «қизил» рейсдагилар эса карантин марказига юборилади.

Аввалроқ Kun.uz хорижда қолган абитуриентларнинг кириш имтиҳонларидаги иштирокини таъминлаш масаласида мақола эълон қилган, унда мазкур масала юзасидан ташкилий чоралар йўқлиги баён қилинган эди.

Мавзуга оид