Жамият | 19:22 / 19.06.2020
3836
2 дақиқада ўқилади

Карантин даврида ичимлик суви тўловлари камайиб кетгани учун 64 млрд сўм ссуда берилди

Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти харажатларни қоплаши учун кунига 4-4,5 миллиард сўм пул тушиши керак. Энг қатъий карантин чекловлари вақтида бу тушум 300 млн сўмгача тушиб кетган.

Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компаниясида етарли маблағ йиғилмаса, электр энергия бўйича қарздорлик юзага келади, ишчилар маошини тўлашда муаммолар кузатилади. Бундан ташқари, сувни зарарсизлантириш бўйича камчиликлар бўлиши мумкин.

Республика бўйича ичимлик суви таъминоти бўйича ишлар нормал ҳолатда ташкил этилиши ва харажатларни қоплаши учун кунига 4-4,5 миллиард сўм пул тушиши керак бўлади. Пандемиянинг энг мураккаб даврида бу тушум 300 миллион сўмгача тушиб кетди», – деди Алипаша Аҳмедов 19 июнь куни Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида.

Фото: Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати

Унинг сўзларига кўра, сувни зарарсизлантиш воситаси – хлорнинг 1 ойлик захираси яратилгани тушум камайган вақтда қўл келган.

«Аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилиши ва тарғибот натижасида 2 ҳафта муддатдан сўнг пул тушуми 2,5 миллиард сўмга етказилган. Ҳозирги кунда эса кунлик тўловлар миқдори тахминан 3 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

Аҳолининг даромадлари ҳам вақтинча камайгани ҳисобга олиниб, сув таъминотини яхшилаш бўйича Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 64 миллиард сўм фоизсиз ссуда олинган», – деди вазирлик расмийси.

Таъкидланишича, бу маблағ биринчи навбатда тизимда хизмат кўрсатаётган ишчилар маошлари ва иш жараёнини ташкил этиш учун йўналтирилган.

Мавзуга оид