Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги иқтисодчи ва блогер Отабек Бакировнинг Temu платформаси тақиқланишига муносабат тарзида ёзган «Қонунсиз суперрегулятор» постини агентликни обрўсизлантиришга уриниш, деб топган ҳамда Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига шикоят киритган. Бу ҳақда Отабек Бакировнинг ўзи хабар берди.

«Шикоятни агентлик раҳбари биринчи ўринбосари Вячеслав Пак имзолаган. Шикоятга агентлик ишончли вакилининг тушунтириш хати илова қилинган. Ариза ҳозирда пойтахт ИИББ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилмоқда. Кеча оқшом чақирув бўйича терговга дастлабки тушунтиришларни ёзма ва оғзаки тарзда тақдим этдим (иш бўйича ҳужжатлардан нусха ҳали берилмади)», – дейди иқтисодчи.

ИЛМА шикоят киритган постда агентлик Ўзбекистонда ҳеч бир қонунсиз суғурта, капитал, крипто-активлар ва электрон тижорат фаолияти регуляторига айланиб қолгани, унинг фаолиятини тийиб турувчи, тартибга солувчи, манфаатлар тўқнашувининг олдини олувчи бирор қонун йўқлиги ёзилган эди.

Бакировнинг сўзларига кўра, шикоят киритилган пост шу мавзудаги тўртта постдан бири. Агентлик эса улардан фақат биттасига эътироз билдирган.

«Қонунсиз суперрегулятор пости Temu электрон савдо платформаси фаолиятини чеклаш қарори эълон қилинган 2025 йил 4 март куни ёзилган ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирадиган кетма-кет тўртта постнинг иккинчиси…

Лекин шикоятда шу постларнинг фақат биттасига эътироз ва норозилик билдирилган, қолган постлар мазмуни ва мундарижасига, шунингдек, постлар ёзилишига асос бўлган сабабларга тўхталинмаган», – дейилади хабарда.

Bakiroo канали муаллифи навбатдаги постида ҳам ушбу ташкилот фаолиятини тартибга солиш учун махсус қонун кераклигини, бу фикрда собит қолишини ёзиб чиқди. У дунёдаги ҳеч бир мегарегулятор қонунсиз, қарорлар асосида (Executive order) фаолият кўрсатмаслигини таъкидлади.

«Ўзбекистонда кўп иқтисодий ислоҳотларда маслаҳатчи бўлган Жаҳон банки сизларнинг фаолиятингиз қарорлар билан эмас, алоҳида махсус қонун билан тартибга солиниши керак, бусиз сизлар назорат қилаётган суғурта ва капитал бозоридан тортиб криптоактивлар ва электрон тижорат сегментларигача барқарор ўсиш бўлмайди, инвесторлар қизиқмайди, бозорлар бир қўлли ва монопол тарзда қолади, кучли ўйинчилар кучсизларини маъмурий йўллар билан йўқ қилади, регуляторнинг мустақиллиги таъминланмайди деб хулоса берса, агентлик уларни ҳам мени обрўсизлантирдинг, деб маҳкамага берадими?» –