Олий суд судьясининг Бўстонлиқдаги пресс-турда қатнашганига доир танқидларга муносабат билдирилди
2 июль куни журналистлар учун Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига пресс-тур ташкиллаштирилган, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлаётган «снос»лар бўйича маълумот берилган эди. Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг ҳам ижро органлари билан биргаликда ушбу тадбирда иштирок этиши ва билдирган фикрлари ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Олий суд мазкур танқидларга муносабат билдирди.
Расмий муносабатда суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилмоқда» дея талқин қилинганига эътибор қаратилган.
«Бир неча кундан буён Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур, ушбу тадбирга Олий суд раҳбариятининг иштироки, шунингдек, ноқонуний қурилишларга нисбатан кўрилаётган қонуний чора-тадбирлар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди бу фикр-мулоҳазаларга ҳурмат билан ёндошган ҳолда суд тизими фаолияти хусусидаги айрим нохолис ва асоссиз фикрларга ойдинлик киритишни лозим топди.
Бундай асоссиз танқидлар баъзи ҳолларда одоб-ахлоқ меъёрларидан четга чиқиб, ҳатто жамиятнинг фаол аъзолари, хусусан, депутат мақомидаги инсонлар томонидан ҳам билдирилаётгани масалага шундай ёндашишни тақозо этади.
Аввало, шуни таъкидлаш керакки, Бўстонлиқ туманига уюштирилган пресс-тур ташкилотчиси Ўзбекистон Республикаси Олий суди эмас. Айни тадбирдан кўзланган асосий мақсад аҳолига холис ва ҳаққоний ахборот етказиш, бу жараёнда ноқонуний қурилмаларни бузиш юзасидан Олий суд судьялари томонидан қабул қилинган суд қарорларига тушунтириш бериш бўлгани боис Олий суд раҳбарияти ташкилотчи-ишчи гуруҳининг, пресс-тур иштирокчилари бўлган журналист ва блогерларнинг қатъий талабига кўра, иштирок этиш ҳақидаги таклифни (янаям аниқроғи, хабарни) қабул қилди.
Қолаверса, суд ҳужжатларига тушунтириш бериш суднинг тўғридан-тўғри ваколатига киради. Шунга қарамай, ҳуқуқий тушунтиришларни гўёки суд органи ижроия ҳокимиятига «адвокатлик қилиш» тариқасида талқин қилиб, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали бонг уриш, юмшоқ қилиб айтганда, масъулиятсизлик ва «оқ»ни «қора» дейишдан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, Бўстонлиқдаги айрим қурилмаларни бузишга оид низолар ўша жойнинг ўзида, яъни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилмоқда.
Аслида сайёр суд мажлислари томонларга қулайлик яратиш мақсадида ташкиллаштирилади. Бироқ ўтказилган сайёр суд мажлислари моҳиятини тўғри тушунмай, кенг жамоатчиликка судьяларни гўёки «ҳашарга келган шахс» сифатида талқин этишни бир томондан, ҳуқуқий саводсизлик, иккинчи томондан, суд обрўйига путур етказишга уриниш, деб баҳолаш мумкин.
Учинчидан, низоларни биринчи инстанцияда Олий суд томонидан кўриб чиқилаётгани – суд қарорларига нисбатан томонларнинг шикоят бериш ҳуқуқини чекламайди ва бу пресс-тур жараёнида масъул шахслар томонидан алоҳида қайд этилган.
Ниҳоят, тўртинчидан, амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилмасдан эгаллаб олинган ер участкалари ва бажарилган қурилишларни бузишдан ўзгача тартиб белгиланмаган. Суд қарорлари асосида бузилиши белгиланган қурилмаларга оид ҳужжатлар қалбакилаштирилгани, бунинг ортидан ўнлаб шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, бир қанча шахслар ҳибсга олингани инкор этиб бўлмайдиган фактдир», – дейилади Олий суд матбуот хизмати эълон қилган баёнотда.
Олий суд бузилиши белгиланган иморатларнинг биронтаси одам яшаётган хонадон эмас, балки аксарияти қуриб битказилмаган қурилмалар экани, битказилгани ҳам дала ҳовлиларни ташкил этишини эслатиб ўтган.
«Ушбу қурилмалар қалбаки ҳужжатлар асосида 2019 йилнинг охирига келиб қуриб бошланганига шубҳа-гумон билан қараганлар «Сил касалликлари сиҳатгоҳи»га тегишли ерни талон-тарож қилинишига панжа орқасидан қараётган муассаса раҳбари ёки ўзи ҳам ўзбошимчалик билан уй қуриб олган маҳалла раисидан сўраб юрмасдан, жиноят иши ҳамда фуқаролик иши материаллари билан танишиб чиқишса, бинолар қачон қурилганини аниқ билмоқчи бўлганлар низоли ер майдонини интернет тармоғининг «Google Maps» тизими орқали аниқлаши мумкин (пресс-турда Олий суд раҳбарияти томонидан иштирокчиларга йилма-йил маълумот планшетда кўрсатилган)», – дейилади хабарда.
Бироқ баёнотда Бўстонлиқдаги «снос»ларга оид жиноят иши ва фуқаролик иши материаллари билан қайси ресурс орқали танишиш мумкинлигига ойдинлик киритилмаган.
Мавзу юзасидан ким нима деган эди?
Блогер Қобил Хидиров Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг пресс-турда иштирок этиши судларнинг обрўсига, мустақиллик принципларига тўғри келмаслигини таъкидлаган.
«...Холмўмин Ёдгоров ҳудудда олиб борилаётган «снос» ишлари бўйича изоҳ берган ва албатта, «снос»ларнинг ўринлиги эканлигини қайд этган.
Олий суд раҳбариятининг бундай тадбирларда иштирок этиши, назаримизда, судларнинг обрўсига, мустақиллик принципларига тўғри келмайди. Шу жойга борганининг ўзиёқ ва бундай интервью бергани, айниқса, унинг мазмуни келажакдаги суд ишлари учун нохолислик таассуротини уйғотиши мумкин. Суд ўзининг ишини, ижро органи ўзининг ишини қилгани маъқул», дейди у.
Блогер ва иқтисодчи Отабек Бакировнинг қайд этишича, қонунийлигига шубҳа бўлган ер ва мулкларни ёппасига бузиш ва мусодара этишдан аввал масала судда кўрилиб, айбдор аниқланиши керак.
«...Судья низолашаётган тарафлардан бир сифатида гапириши, билмадим, яна қайси мамлакатда мумкин. Бошқа бир нормал мамлакат бўлганида дарров истеъфоси сўраларди. Чунки бундай репутация билан ҳеч ким судья бўлиб қололмайди.
Албатта, қурилишлар ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларнинг легитимлигини таъминлаш муҳим. Лекин нега қонунийлигига савол бўлган ер ва мулкларни ёппасига бузиш ва мусодара этишдан аввал масала судда кўрилиб, айбдор аниқланиб, етказилган зарарни ўша айбдордан ундириш ҳақида биров бир нима демайди?
Чунки суд мажлисларида, айниқса улар очиқ ва жамоатчилик кузатувида ўтса, бундай ишларнинг бошида эски ва янги ҳокимларнинг ўзлари тургани, ўн йиллар давомида соққасини олиб ерлар ажратгани, очиқчасига ер сотгани маълум бўлиб қолади.
Кўп бор таъкидлаганимиздек, бу номенклатура ўзини, ўзиникиларни сотмайди.
Афсуслар билан ҳозирданоқ айтиш мумкин, Бўстонлиқ иши бўйича биронта собиқ ва амалдаги ҳоким жазоланмайди, улардан бирон сўм жарима ё товон ундирилмайди, лекин юзлаб одамлар ерига ва мулкига куйиб қолаверади», деб ёзган блогер.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербоев ҳамма ўз ишини қилиши керак, деб ҳисоблайди.
«...Жойлардаги ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, ноқонуний қурилмаларни аниқлаш ва судга топшириш бу ижро ҳокимиятининг барча бўғинлари табиатига хос нормал ҳолат. Ишқилиб судга топшириб, суд қарорини кутса бўлди. Уёғи мустақил, адолатли, фақат қонунларга бўйсуниб ишлайдиган халқпарвар судга боғлиқ.
Албатта, шундай сифатларга эга бўлган суд ҳеч кимнинг бурнини қонатишга йўл қўймайди, оддий фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Бироқ бу ҳаракатларнинг қонунийлигини кўриб чиқиб, давлат ва фуқаро ўртасидаги ҳуқуқ ва ваколатлар балансини ушлаб туриши керак бўлган суд ўз вазифасини унутиб, холисликни бузса, қайсидир томонга ён босса, одамларда ҳафсала пир бўлади, инвесторлар қочади, атрофни халқ хизматкори қиёфасидаги бир гуруҳ кучлар, «мафиялар» эгаллайди.
Умид қиламанки, суд тизими холисликни ҳеч қачон йўқотмайди. Буни тушунмаган, обрўсини туширган вакилларини тарбиялайди ёки уларсиз бўлса ҳам халққа хизмат қилишда давом этишга журъат топа олади», деб ёзади халқ вакили.
Пресс-турда нималар ҳақида сўз борди?
Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов коррупция, маҳаллий органларнинг ҳам эътибор қаратмагани бугунги «снос»ларга сабаб бўлаётганига урғу берди.
Унга кўра, ўзбошимчалик билан уй, «дача» қурганлар давлат органларида ҳам ўзимизга ўхшаган одамлар ишлайди, бир нарса хоҳлайди, қайсидир эҳтиёжини қилиб берамиз, деган фикрда юрган. «Қонун барчага баробар», деб айтган ҳукумат вакили.
«Давгеодезкадастр» қўмитаси раиси ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаев Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги 24 «дача» билан боғлиқ муаммога жойлардаги ваколатли органларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги ҳам сабаб бўлгани, давлат идоралари ходимларидан ҳам хато ўтган жойлари борлигини тан олган.
Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоровнинг билдиришича, ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган 24та «дача»нинг ҳужжатлари 1998 йилда расмийлаштирилган, уларни маҳалла раиси қалбакилаштириб, коррупция орқали туман ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги қарорини чиқартириб олган. Бироқ у бу ишлардан мутлақо бехабар одамлар томонидан сотиб олинган, яъни айбсиз айбдор бўлиб қолган «дача»ларнинг янги эгаларига нима учун компенсация тўланмаслигига қонуний асос келтирмаган.
Чимён болалар сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани ҳудудида ўзбошимчалик билан қурилгани айтилаётган 24та уй эгалари Kun.uz мухбири билан суҳбатда бузилиши режалаштирилган иморатлар жойлашган ер сиҳатгоҳга тегишли эмаслигини айтишган. Бу маълумотни муассаса директори Норинбой Ниёзметов Kun.uz`га ҳам тасдиқлаган.
Тошкент вилояти прокурори Салом Самадовнинг маълум қилишича, Бўстонлиқ туманидаги сил касаллигига қарши курашиш даволаш маскани атрофидаги дала ҳовлилар ноқонуний қурилишига алоқадорликда айбланиб 10 киши қамоққа олинган. Прокурорнинг айтишича, улар орасида туман ҳокими ўринбосари, туман «Ермулккадастр» бўлими ходими, маҳалла раиси ва маклерлар бор.
Мавзуга доир:
Мавзуга оид
18:10 / 04.11.2024
Бўстонлиқда тоғ эчкисини овлаган браконер ушланди
19:20 / 21.10.2024
Тошкентда судялар учун Германия ва Словения ташкилотлари ҳамкорлигида семинар-тренинг бошланди
14:44 / 21.09.2024
Сенатда Олий суд раисига ўринбосарлар сайланди
18:27 / 09.09.2024