Ўзбекистон | 20:54 / 08.07.2020
78459
2 дақиқада ўқилади

Президент видеоселекторида Фарғона тумани ҳокими ишдан олинди, Шўрчи тумани ҳокимига «ҳайфсан» берилди

Фарғона тумани ҳокими Илҳом Носиров ишдан олинди. Бу ҳақда президент иштирокидаги видеоселекторда маълум қилинди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда бюджет тушумларини сўзсиз таъминлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

«Йиғилишда камбағалликни камайтириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхтаб ўтилди. Давлат раҳбари камида 257 минг нафар муҳтож оилалар вакилларини ишга жойлаштириш, 37 мингта хонадонга оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш зарурлигини қайд этди.

Эҳтиёжманд аҳолини ишга жойлаштириш кўрсаткичи энг паст секторлар таъкидланар экан, уларнинг раҳбарларига жазо чоралари кўрилди.

Жумладан, Фарғона тумани ҳокими Носиров, Яккабоғ тумани прокурори Мустафоев, Ғузор ва Чортоқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Рахмонов ва Абдурайимов, Муборак тумани ва Қўқон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Темиров ва Турдиқуловларни эгаллаб турган лавозимларидан озод этиш бўйича топшириқлар берилди.

Шўрчи тумани ҳокими Худайберганов, Каттақўрғон, Косон ва Пайариқ туманлари ички ишлар бошқармалари бошлиқлари Отамуродов, Отакулов ва Шермухамедов, Нарпай, Ғаллаорол туманлари ва Гулистон шаҳар солиқ инспекциялари бошлиқлари Деҳқонов, Мамаев ва Раджабовларга нисбатан охирги огоҳлантириш сифатида «ҳайфсан» эълон қилиниши белгиланди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, Илҳом Носиров 2018 йилнинг октябрида Фарғона тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Суннат Раҳмонов 2018 йил августидан буён Ғузор тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди, Собитхон Абдурайимов 2020 йил мартида Чортоқ тумани ИИБ бошлиғи лавозимини эгаллаганди.

Ойбек Мустафоев 2019 йил сентябрида Яккабоғ тумани прокурори лавозимида иш бошлаганди.

Муҳиддинжон Турдиқулов 2019 йил ноябрида Қўқон шаҳар ДСИ бошлиғи этиб, Аброр Темиров эса 2019 йил апрелида Муборак тумани ДСИ бошлиғи этиб тайинланган.

Мавзуга оид