Ўзбекистон | 21:55 / 10.07.2020
5920
3 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўзбекистонликларни Кореяга жўнатиш номаълум муддатга кечиктирилганини маълум қилди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Корея Республикаси эркин ёллаш тизими бўйича тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган, бироқ пандемия туфайли ушбу давлатга боролмаган ўзбекистонликларни Корея Республикасига ташкилий тарзда жўнатиш номаълум муддатга қадар қолдирилганини маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

«Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан Корея Республикаси ҳукуматига EPS-topik тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, иш берувчилардан шартнома лойиҳаси келган, бироқ СОVID-19 вирусининг тарқалиши сабабли Корея Республикасига ташкилий тарзда кета олмаган ва виза тасдиқномалари амал қилиш муддати тугаган фуқароларнинг маълумотлари Корея Республикаси инсон ресурсларини ривожлантириш хизматига тақдим қилинган.

Виза тасдиқномаси амал қилиш муддати тугаган фуқароларнинг виза тасдиқномалари Корея Республикасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан босқичма-босқич узайтирилмоқда (виза тасдиқномангиз узайтирилганлиги тўғрисидаги маълумотни ўзингизга тегишли шахсий кабинетингиздан билиб олишингиз мумкин).

55 нафар фуқароларнинг (Иш берувчи корхона томонидан шартнома лойиҳаси бекор бўлган) маълумотлари қайта танловлар базасига қўйилган. Шулардан 40 нафарига қайта шартнома лойиҳалари берилган.

Ҳозирги кунда Корея Республикаси эркин ёллаш тизими бўйича EPS-topik тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, иш берувчилардан шартнома лойиҳалари келган фуқаролар учун Корея Республикасидаги 3 кунлик мажбурий кўниктириш дарслари бекор қилинганлиги сабабли Корея Республикасига ташкилий тарзда жўнатиш вақтинчалик номаълум муддатга қадар қолдирилган», дейилади агентлик расмий хабарида.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фуқаролик паспортидаги хорижга чиқиш рухсатномаси амал қилиш муддати тугаган ва тугаш арафасида бўлган фуқароларга зудлик билан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш кераклигини эслатган.

Қайд этилишича, шартнома лойиҳалари ҳамда виза тасдиқномалари келган фуқароларнинг ҳужжатларини ўрнатилган тартибда қабул қилиш саналари тўғрисида агентлик томонидан қўшимча равишда эълон қилинади.

Аввалроқ Kun.uz’га мурожаат қилган ўзбекистонликлар 600дан ортиқ фуқаро бир неча йил давомида корейс тилини ўрганиб, имтиҳонлардан ўтишган, бироқ қўлларида виза ҳамда Кореядаги иш берувчилар билан шартномалари бўлса-да, ишлаш учун Кореяга кета олмаётганликларини айтган эди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 10 июль куни Ўзбекистондан борганларнинг икки нафарида вирус аниқлангани учун меҳнат таътилига келган фуқароларни Кореяга юбориш кечиктирилганини маълум қилди.

Мавзуга оид