Ўзбекистон | 23:47 / 16.07.2020
42651
5 дақиқада ўқилади

Бир кунда тўрт ўлим қайд этилди. Жами қурбонлар сони 75тага етди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугун Ўзбекистонда яна 4 ўлим ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берди. Эндиликда жами ўлимлар сони 74тани ташкил этмоқда.

Биринчи ўлим. Зангиотадаги шифохонага ётқизилган юнусободлик 55 ёшли бемор ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Юнусобод туманида яшовчи 55 ёшли Ш.А. (эркак) жорий йилнинг 12 июль куни 2-сон юқумли касалликлар шифохонасидан оғир аҳволда тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Аҳволи ўта оғирлиги сабабли бемор зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган ҳамда сунъий нафас олиш  аппаратига уланган.

Унга Covid-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, сурункали буйрак етишмовчилиги ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахассислари томонидан консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
 
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали жигар-буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган чилонзорлик 53 ёшли бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди. 

Чилонзор туманида яшовчи 53 ёшли фуқаро Ш. А. (эркак) шу йилнинг  6 июлида ҳолсизлик, тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, бош оғриғи, ҳансираш пайдо бўлгач, Яккасарой туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва беморда Covid-19 тасдиқланган. Шундан сўнг у Вирусология илмий текшириш институти клиникасида даволанишни бошлаган. 

Беморга Covid-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 

Беморда, шунингдек, юрак ишемик касаллиги, қандли диабет 2-тури, семизлик 2-3-даражаси борлиги ҳам қайд этилган.

Сўнгги кунларда  беморнинг аҳволи ёмонлашган, зудлик билан ўпка, юрак реанимацияси амалга оширилган. Ўтказилган муолажага қарамасдан, юрак ритми тикланмаган ва бемор ўткир юрак қон-томир ҳамда нафас етишмовчилигидан вафот этган.

Учинчи ўлим. Тошкентдаги Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган гулистонлик 67 ёшли бемор (Сирдарё вилояти мусиқали драма театри актёри Адҳам Абдуллаев) 14 июль куни ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этди.

Гулистон шаҳрида яшовчи 67 ёшли фуқаро А.А. (эркак) тана ҳароратининг кўтарилиши, йўтал, умумий ҳолсизлик сабабли Covid-19 инфекциясига намуна топширган. 5 июль куни унда Covid-19 тасдиқланган ва шу куни Тошкент шаҳридаги Ибн Сино номли 1-сонли шаҳар клиник шифохонасига ётқизилган.

12 июль куни ўткир нафас етишмовчилиги ҳисобига реанимация бўлимига ўтказилган. Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган. 

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион чораларларга қарамай, бемор икки томонлама пневмония оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги сабабли вафот этди.

Тўртинчи ўлим. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган 42 ёшли бемор (Сергели ИИБ ФИО подполковниги Абдулазиз Тошев) 12 июль куни вафот этган.

Тошкент вилоятининг Тошкент туманида яшовчи 42 ёшли фуқаро Т. А. (эркак) шу йилнинг 29 июндан 12 июлга қадар Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг жарроҳлик бўлимида ўткир панкреатит, ўт қопи жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш амалиёти, геморагик панкранекроз, ошқозон ости безини дренажлаш ташхиси билан даволанган. Шунингдек, бемордан Covid-19 инфекциясига намуна олинган ва касаллик тасдиқланган. 

Унга ўткир тотал ёғли панкреонекроз, ўткир холецистит, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида тиббиёт мутахассислари томонидан консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион чораларга қарамасдан, икки томонлама пневмониядан вафот этган.

15 июль куни Давлат хизматлари агентлиги Навоий вилояти бошқармасининг масъул ходими Адҳамжон Деҳқонов 61 ёшида коронавирусдан вафот этгани хабар қилинди. Ҳозирча ССВ бу ўлим ҳолатини расман қайд этмаган.

Шу вақтгача Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 49, Сурхондарёда 5, Бухоро ва Наманганда 4, Жиззах, Самарқанд ва Навоийда 3тадан, Фарғона, Қашқадарё, Хоразм ва Қорақалпоғистонда биттадан ўлим рўй берди. Ҳозирга қадар фақат Андижон ва Сирдарё вилоятларидагина вирус қурбонлари қайд этилмади.

Мавзуга оид