Жамият | 10:40 / 19.07.2020
17917
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонида икки юк машинаси тўқнашди

Жорий йилнинг 18 июль куни, соат 02:05ларда “Қамчиқ” Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси навбатчи-диспетчерига келиб тушган маълумотга кўра, А-373, М-39 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 242 км “Тошкент-Водий” йўналишида ҳаракатланган “ISUZU” юк русумли автомашина ҳайдовчисининг ухлаб қолиши оқибатида, олдинда ҳаракатланиб кетаётган “САМС” русумли юк автомашинасининг орқасига бориб урилган. “ISUZU” автомашинасида ҳайдовчи ва шериги бўлиб, натижада иккала фуқаро ҳам тан жароҳати олганлиги аниқланган. 
Қутқарувчилар томонидан гидравлик асбоб-анжомлар ёрдамида сиқилиб қолган ҳайдовчи ва шериги юк автомашинасидан чиқариб олиниб, ҳаёти сақлаб қолинди. Тан жароҳати олган фуқароларга биринчи ёрдам кўрсатилиб, Поп тумани марказий шифохонасига олиб кетилган. 

“Ҳайдовчиларга довонда ҳаракатланиб кетаётган вақтда ҳушёрликни янада оширишларини ва йўлларда тўхтаб дам олишларини сўраб қолган бўлар эдик. Шунда улар юқоридагидек йўл транспорт ҳодисаларининг камайишига ва содир бўлмаслигига ўз ҳиссаларини қўшган бўларди, – дейилади “Қамчиқ” МҚЁҚБ Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик ташкилотлари билан ишлаш бўлими хабарномасида.

Мавзуга оид