«Уфа» бош директори Шамил Газизов «Спартак» клуби раҳбари этиб тайинлангач, янги директор ишни ўзи яхши билган жамоанинг етакчиларини Москвага чақиришдан бошлашга яқин турибди. Турли гап-сўзларга қарамай, қайд этиш жоиз - «Спартак» уфаликларнинг эҳтимол энг қизиқарли ўйинчиларига кўз тикмоқда», - дея бошланади championat.com сайтидаги мақола.

Остон Ўрунов ҳали 19 ёшда. У февраль ойида Тошкентнинг «Локомотив» клубидан 200 минг евро трансфер пули эвазига «Уфа» сафига келиб қўшилди. Келганидан Остон уфаликларнинг алмаштириб бўлмас футболчисига айланишга улгурди – 10 ўйиндан 9тасида асосий таркибда тушган. Ўрунов қисқа давр ичида ўйинлари орқали «Уфа» ҳисобида турган олмосга айланди, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистонлик яримҳимоячининг янги чўққиларни забт этишга бўлган хоҳиш ва истаги жуда кучли эканлиги кўриниб турган бўлса-да, Остон «Зенит» билан курашишга даъвогарлик қилаётган ва еврокубокларни кўзлаётган жамоага ўтиш даражасига чиқа олдими?

У қандай футболчи?

Ўрунов фаолияти давомида бир қатор амплуаларда тўп сурган бўлса-да, унга кўпроқ марказий яримҳимоя чизиғида ўйнаш мос келади. Андрей Канчельскис «Навбаҳор»да Остонни қанот яримҳимоясида синаб кўрган бўлса, Самвел Бабаян «Локомотив»да уни катта ҳажмдаги ишни бажарадиган марказий яримҳимоячига айлантирди. Футболчининг ўзи эса интервьюларида «Менга таянч нуқтасида ўйнаш ёқади, тўпни олиб қўйиш ва кўп югуришни яхши кўраман. Бироқ дриблингларим сабабли аксарият мураббийлар мени қанотга қўйишади, бу нуқтада эса тўпсиз зерикишимга тўғри келади», - дейди Ўрунов.

«Уфа» бош мураббийи Вадим Евсеев Остондан универсал ўйинчи сифатида фойдаланмоқда. Янги клубида ўтган 10та баҳсда Остон яримҳимоянинг икки қанотида ҳам, марказда ҳам ўйнашга улгурди. Зарурият туғилганида ҳужумчига айланишига ҳам тўғри келди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз Остонни марказий яримҳимоячи сифатида биламиз, зеро у айнан шу нуқтада ўзини жуда қулай ҳис қилади.

Устунлиги нимада?

РПЛ учун икки энг кучли жиҳат: ишончли дриблинг ва курашларга киришувчанлик. «Уфа» яримҳимоячиси айнан ушбу икки жиҳати билан алоҳида ажралиб туради.

1) Остон қанотда эмас, айнан майдон марказида жуда керакли бўлган ноодатий дриблингга эга. У тўпни гавдаси билан яхши тўса олади, тўп билан мукаммал ҳаракатланади. Яъни, Ўрунов аксарият яримҳимоячилар сингари ҳужумни кўпроқ бир йўналишда тортадиган футболчи эмас.

Муҳими, унда дриблинг - шунчаки дриблингни кўрсатиш учун эмас (бундайлар Россияда етарлича), қийин вазият ва босимдан яхшироқ позицияга чиқиб олиш учун амалга оширилади. Қобилияти эвазига Ўрунов ҳисобни сақлаб туришда қимматли футболчига айланади. У рақиб жамоа дарвозаси олдида тўпни қабул қилиб, прессинг қилаётган рақибни гавдаси билан бемалол тўсиб, тезкорлик билан ҳужумга ўта олади.