Тошкент шаҳрида 2020 йилда тазйиққа учраган аёлларга 709 та ҳимоя ордери берилгани маълум қилинди
Тошкент шаҳрида 2020 йилнинг биринчи ярмида зўравонлик ва тазйиққа учраган аёлларга 709 та ҳимоя ордери тақдим этилган. Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси-Хотин қизлар масалалари бўйича бўлимининг маълум қилишича, 639 та ордер оила-турмуш доирасидаги зўравонликлардан ҳимоялаш учун берилган.
«Жорий йилнинг 6 ойида зўравонлик ва тазйиққа учраган аёлларга жами 709 та ҳимоя ордери берилди, шундан 639 таси оила-турмуш доирасида содир этилган, қолганлари қўни-қўшнилар, таниш-билишлар, ҳамкасблар ва бошқа ҳолатлардаги зўравонликлардан ҳимоялаш учун берилган.
Зўравонликларнинг 583 таси оиладаги келишмовчилик, 52 таси моддий етишмовчилик, 35 таси рашк туфайли, 39 таси оиладаги учинчи шахс аралашувидан келиб чиққани аниқланган. Ачинарлиси, зўравонларнинг 436 нафари турмуш ўртоғи, 38 нафари қайноналар, 26 нафари келинлар, 209 нафари бошқа яқин қариндошлар томонидан содир этилган. Ҳимоя ордерларининг 313 таси жисмоний, 7 таси жинсий, 12 таси иқтисодий, 377 таси руҳий зўравонликлар учун берилган», дея Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Мақсуда Хўжаназарованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Унинг қўшимча қилишича, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар томонидан Тошкент шаҳрида доимий ва вақтинча яшаб келаётган 9169 та оила, уларда истиқомат қилаётган 9480 нафар аёлларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароитлари манзилли ўрганилган, аниқланган 6128 та муаммо мутасадди идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳал этилган.
«Ҳамкор ташкилотлар билан бирга 495 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. 4069 нафарига моддий, 3318 нафарига ҳуқуқий, 2844 нафарига маънавий ва психологик, 366 нафарига тиббий ёрдамлар кўрсатилди.
Узоқ муддатга хорижга ишлаш учун кетган 297 нафар аёл оиласига қайтарилди, ажрим ёқасидаги 293 нафар оила яраштирилди, хуқуқбузарлик содир этган 244 нафар аёл яраштирилиб, жавобгарликка тортилишининг олди олинди.
Мазкур саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилнинг 6 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан аёллар томонидан содир этилган жиноятлар 25 фоизга, оила-турмуш доирасида содир этилган жиноятлар 17,7 фоизга, жиноят содир этган аёллар 322 нафардан 272 нафар (15,5 фоиз)га, оила-турмуш доирасидаги тан жароҳати билан боғлиқ ҳодисалар 18,8 фоизга камайишига эришилди», дейди Мақсуда Хўжаназарова.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024
Суданда 130 аёл жинсий зўравонликдан қутулиш учун ўз жонига қасд қилди
09:30 / 23.10.2024
Болаларга нисбатан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:57 / 12.10.2024