Ислом динига эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил қилишига қарамай, Ўзбекистонда шу вақтгача Исломий молия соҳаси Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларга қараганда деярли ривожланмаган, ваҳоланки ушбу соҳанинг ривожланишида мамлакат жуда катта салоҳиятга эга. Буни йирик халқаро молиявий ташкилотлар (Ислом Тараққиёт Банки Гуруҳи, Халқаро Молия Корпорацияси, Осиё Тараққиёт Банки ва б.) экспертлари томонидан эътироф этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликда ушбу йўналишда баъзи бир ишлар амалга оширилди.

Жумладан: Ислом Тараққиёт Банки (IsDB) ва унинг гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотлар, хусусан Хусусий Тармоқни Ривожлантириш Ислом Корпорацияси (ICD), Халқаро ислом савдо молия корпорацияси (ITFC) ва Ислом тадқиқотлар ва тренинглар институти (IRTI) мамлакатда ислом молияси ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшган ҳолда, ҳозирги кунга қадар 2 миллиард АҚШ долларидан зиёд маблағни Исломий молия тамойиллари асосида молиялаштириш мақсадларига йўналтирган.

Кичик ва ўрта бизнес Ўзбекистонда 81 фоиз бандликни таъминлаш баробарида, сўнгги 10 йил ичида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) йиллик ўртача 5 фоиздан юқори даражада ўсишига ва Марказий Осиёдаги иқтисодиёти энг тез ривожланаётган мамлакатга айланишига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Кичик ва ўрта бизнес вакиллари томонидан Ислом молиясига бўлган эҳтиёжни инобатга олиб, Ўзбекистон 2003 йилда IsDBга ва 2004 йилда эса ICDга аъзо давлат сифатида қабул қилинди. Ушбу ташкилотлар ва ҳукумат ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатлар Ислом молиясининг Ўзбекистон бозорига кириб келишига замин яратди ва ушбу соҳага биринчи қадамни қўйиб берди.

Бундан ташкари, Ўзбекистондаги бир нечта олий ўқув юртлари ўз таълим дастурларини Ислом молиясига доир фанларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлай бошлади. Шунингдек, жорий қонунчиликдан келиб чиққан ҳолда бизнес вакиллари ҳам ислом молия хизматларини таклиф килишни бошлаб юборди.

Ўзбекистонда қатор исломий лизинг компаниялар фаолият кўрсатмоқда

Жумладан, 2019 йилда мамлакатда биринчи «Ўзаро» исломий суғурта компанияси ўз фаолиятини бошлади. Ўзбекистондагина эмас, балки МДҲ давлатлари ичида биринчилардан бўлган электрон-Мурабаха (Мурабаха савдо битими асосидаги молиявий маҳсулот) платформаси ишлаб чиқилди. IsBF (Islamic Business and Finance) номли биринчи Ислом молия масалалари билан шуғулланувчи компания (асосий фаолияти ушбу соҳада консалтинг хизматлари кўрсатиш) ташкил этилди, ислом молияси соҳасида аҳоли  саводхонлигини ошириш мақсадида “Ислом молияси” Telegram саҳифаси ва веб сайти ишга туширилди. Таиба Лизинг ва Ал-Мулк Капитал каби лизинг компаниялари эса кичик ва ўрта бизнес вакилларига Ислом тамойиллари асосидаги ижара маҳсулотлари тақдим қилишни давом эттирмокда.