Жаҳон | 11:04 / 04.08.2020
49200
3 дақиқада ўқилади

Беларусь Россия билан чегарага ҳарбий техникаларини жойлаштирмоқда. Одамлар танклар колоннасини кўрган

Беларусь Россия билан чегарага ўз ҳарбийлари ва оғир техникаларини жойлаштирмоқда. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда кўплаб фотосуратлар ва видеолар жойлаштирилган.

Хабарларга кўра, маҳаллий аҳоли Беларуснинг Россия билан чегара ҳудудларида ҳарбий кучлар фаоллашганига гувоҳи бўлган. Шунингдек, ҳарбий бўлинмаларнинг Минск йўналиши бўйлаб ҳаракатлангани ҳам қайд этилган. Ҳарбийларнинг фаоллашуви 9 август куни Беларусда бўлиб ўтадиган президент сайловларига боғланмоқда.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Беларусь ҳарбийларининг Россия билан чегара ҳудудларда фаоллашуви гўёки россиялик ёлланма жангчилар сайловлар арафасида оммавий тартибсизликлар уюштиришни режалаштиргани ва Беларусни россияликлар босиб олиши каби хавотирлар билан боғлиқ.

9 август куни Беларусда бўлиб ўтадиган президент сайловлари арафасида ҳукумат бир қатор жиддий чораларни кўрмоқда. Мамлакат қуролли кучларининг бўлинмалари ва шахсий таркиб мамлакат чегараларига, шу жумладан, Россия билан чегарага қараб ҳаракатлана бошлаган.

М-1 Минск-Москва автомагистралида Россия чегарасига қараб кетаётган зирҳли машиналар ва зирҳли транспорт воситаларининг видеотасвири эълон қилинган. Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеолардан бирида Беларусь ҳарбийлари Минск-Москва трассаси яқинида чодирлар ўрнатаётгани тасвирланган. Бошқа гувоҳлар эса Россия билан чегара томон ҳаракатланаётган зирҳли транспорт воситалари колоннасини суратга олган.

Беларусь армиясининг қуруқликдаги қўшинларига тегишли кўплаб ҳарбий қисмлар мамлакат ғарбида ва шимолида жойлаштирилган. Энди уларнинг Россия билан чегара бўйлаб жойлаштирилаётгани чегаранинг нариги тарафида яшаётган россияликларни хавотирга солмоқда.

Беларусь ҳарбийларининг Россия билан чегара бўйлаб жойлаштирилиши «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ёлланма ходимларининг Минскда қўлга олиниши билан боғланмоқда.

29 июль куни Минскда Беларусь давлат хавфсизлик хизмати ходимлари «Вагнер» ХҲК билан ҳамкорлик қилаётгани иддаоси билан бир гуруҳ Россия фуқароларини қўлга олди. Беларусь Тергов қўмитасининг расмий версиясига кўра, ҳибсга олинганлар президент сайловлари арафасида мамлакатда тартибсизликларни уюштириш учун Минскка келган. Бу воқеадан сўнг Беларусь расмийлари сайловдан олдин мамлакатда қўшимча хавфсизлик чораларини жорий этиш зарурлиги тўғрисида баёнотлар беришди.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, ҳарбийлар ва ички қўшинларнинг қўшимча кучлари Минск ҳамда мамлакатнинг бир қатор вилоят марказларида 29 июлдан жойлаштира бошланган ва ҳанузгача давом этяпти.

Беларуснинг амалдаги президентига мухолиф бўлган ОАВ «Россия таҳдиди» мамлакат расмийлари томонидан ўйлаб топилганини таъкидламоқда. Уларнинг тахминига кўра, сайловлар арафасида пойтахтда тартибсизликлар юз бериши хавфи туфайли Минскда армия ва полиция кучлари тўпланмоқда.

Мавзуга оид