Ўзбекистон | 12:55 / 13.08.2020
24274
6 дақиқада ўқилади

Фермер ери ноқонуний олиб қўйилишига қарши қандай чоралар кўриш керак?

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида кластер ташкил этиш, ерларни мақбуллаштириш каби турли сабаблар билан айрим фермер хўжаликлари фаолиятида барқарорлик бузилган. Ерлар турли важлар билан тортиб олиниши кўпайгани туфайли фермерларда келажакка нисбатан ишончсизлик, мавҳумлик кузатилмоқда.

Фото: Flickr

Хўжалик ерлари қонун бўйича қандай қайтариб олинади? Амалда бу жараён қандай давом этяпти?

Фермер ким?

Фермер хўжалиги – ижарага берилган ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектидир. Ўша хўжалик раҳбари фермер ҳисобланади. У Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришнинг асосий субъектидир.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш, сақлаш ва реализация қилиш, саноат ишлаб чиқариши, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатиш ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин.

Аслида фермер хўжалиги бошлиғининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бошқа шахсга ўтказилишига рухсат берилмаган. Амалда фермернинг фарзандлар ёки яқин қариндоши хўжалик бошқаруви ишларини бажариши, белгиланган мажлис ва йиғилишларда иштирок этиб, фермер номидан қарор қабул қилиши кўп учрайди.

Ерни фермерга ижарага бериш тартиби

Ўзбекистон қонун ҳужжатларига кўра, фермер хўжалиги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ва захира ерларда ташкил этилади. Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалиги камида 30 шартли бош чорва моли бўлган тақдирда ташкил этилади. Чорвачилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжалигига бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами бир шартли бош чорва молга ҳисоблаганда Андижон, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Хоразм вилоятлардаги суғориладиган ерларда камида 0,3 гектарни (наслдор чорвачилик фермер хўжаликлари учун 0,5 гектарни), бошқа вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасидаги суғориладиган ерларда камида 0,45 гектарни, суғорилмайдиган (лалмикор) ерларда эса камида 2 гектарни ташкил этади.

Ўтган йили Фарғонанинг Қўштепа туманида чорвадор фермерга ер бериш масаласида совуққонлик қилган ҳоким туфайли 35 бош наслли қорамол озуқа-ем етишмаслигидан нобуд бўлганди. Туман ҳокимлиги эса фермерга берилган 55 гектар майдонга озуқа ўрнига ғалла экиш учун шартномани мажбуран имзолатгани билдирилган. Яъни қонун талаби ижро ҳокимияти томонидан қуйи бўғинда аъло даражада бажарилмаётгани ҳолатлари кўп учраб туради.

Деҳқончилик маҳсулоти етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами пахтачилик ва ғаллачилик учун камида 30 гектарни, ғаллачилик ва сабзавотчилик учун камида 10 гектарни ташкил этади. Ижарага бериладиган ер участкаларининг энг кам ўлчами боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва бошқа экинларни етиштириш учун камида 1 гектарни, кўпи билан 5 гектарни ташкил этади.

Ер кодексида фермер хўжаликларига ер участкалари:

- очиқ танлов асосида;

- ўттиз йилдан 50 йилгача, лекин 30 йилдан кам бўлмаган муддатга;

- захира ерлари ёки қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан ажратилиши назарда тутилган.

Танлов якунига кўра, ердан фойдаланиш тўғрисида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг хулосасига биноан халқ депутатлари туман кенгашининг қарори қабул қилинади. Шу ҳужжат асосида, туман ҳокимининг қарори бўйича ер берилади. Ерни ижарага олиш шартномаси фермер хўжалиги бошлиғи ва туман ҳокими томонидан имзоланади. Аслан, туман ҳокими ҳам халқ депутатлари туман кенгашига сайланади, у шу кенгашга раислик қилади. Давлат раҳбари бу амалиётни тугатиш бўйича таклиф билдирган, аммо узоқ йиллик тажрибадан ҳануз воз кечилгани йўқ. Бундан англашиладики, фермернинг ер олиши туман ҳокими иродасига жуда қаттиқ боғланган.

Фермер мулкига тажовуз ва ерларни тортиб олиш

Қонунларга кўра, балансида кўрсатилган бино-иншоотлардан тортиб дов-дарахтгача, асбоб-ускуна ва техникалар фермер хўжалиги мулки ҳисобланади. Шунга қарамай, 2019 йилдан айрим туманларда боғдорчилик ерларидан самарасиз фойдалангани рўкач қилиниб, дарахтлар мутасаддилар томонидан қўпориб ташланиши ҳолатлари кузатила бошлади. Дарахтлар фермернинг мулки экани инобатга олинмади.

Сирдарёда ери ноқонуний олиб қўйилганини айтган чорвадор-фермер суд инстанциялар аро сарсон бўлди, Қўшкўпир туманидаги фермер эса «ўз аризасига асосан» ерлари тортиб олинганини айтиб берди.

Умумий қилиб олганда, масаланинг қуйидаги уч жиҳати бор.

Биринчидан, 1998 йили қабул қилинган «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун ва 2004 йили унга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар маънан эскирди. Замон талабларига қонун бандлари жавоб бермай қўйган. Олий Мажлис депутатлари ушбу қонунни янги таҳрирда қабул қилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, ҳукумат ва давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалиги соҳасига оид турли ҳужжатлари бевосита фермерлар фаолиятига доир бўляпти. Айрим ҳолатларда ҳужжатлардаги бандлар бир-бирига зид келади ё тескари талқин этиш мумкин бўлган даражада ишлаб чиқилган. Шундай экан, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонун ҳужжатларини ягона ҳужжатда муффасал келтириб, муносабатларни тартибга келтиришга зарурат бор.

Иккинчидан, туман ҳокимлигининг фермерлик фаолиятига аралашувини кескин камайтириш лозим. Ўтган давр ичида тортиб олинган ерлар ноқонуний бўлгани учун бир неча туман ҳокими қарорлари бекор қилинган. Аммо туман ҳокими ё мутасадди шахсларга нисбатан намойишкорона хизмат текшируви ўтказилиши, уларнинг жавобгарликка тортилиши ҳақида маълумот йўқ. Қолаверса, эрқин бозор иқтисодиёти қоидаларидан қочиб, фермер билан марказлашган иқтисод тамойили асосида иш олиб бориш хато.

Учинчидан, фермер хўжалиги раҳбарининг ўз истаги билан ерни захирага қайтариш тўғрисидаги ариза нотариал идора томонидан тасдиқланиб, нотариус олдида имзоланиши лозим. Шунда турли келишмовчилик, ҳужжатларни сохталаштириш ва фемернинг ерини ноқонуний тортиб олиш ҳолатлари камайган бўларди.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид