Ўзбекистон | 22:26 / 20.08.2020
8672
2 дақиқада ўқилади

ИИВ: «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг Беларусдаги воқеаларга алоқаси йўқ

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги 18 август куни «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага чиқарган эди. Вазирлик бу қонунни қабул қилиш зарурати Беларусда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келгани ҳақида ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикрларни рад этди.

ИИВнинг эслатишича, Ўзбекистонда йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқ. Бу ҳуқуқий бўшлиқ Конституциянинг 33-моддасидаги қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермаяпти.

Шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг ўтган йил Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботидаги камчилик сифатида ҳам республикада фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта ҳам норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги кўрсатилган.

«Шунга асосан, вазирлик томонидан мазкур йўналишдаги халқаро (РФ, АҚШ, Германия, Франция, Эстония, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон Қирғизистон, Қозоғистон) тажрибани чуқур ўрганган ҳолда, юқорида кўрсатилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган», – дейилади ИИВ баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб рус тилида тайёрланган «Митинглар, йиғилишлар ва намойишлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бир йил олдин – 2019 йил июнида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, бироқ 27 июнгача давом этган муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасининг тақдири номаълумлигича қолганди.

Бу гал қонун лойиҳаси юзасидан фикр ва таклифларни 2 сентябрга қадар ёзиб қолдириш мумкин.

Мавзуга оид