Жамият | 12:19 / 03.09.2020
22326
1 дақиқада ўқилади

«Темир хотин» спектаклидаги Олимтой роли билан танилган Кимсанбой Собиров вафот этди

Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрининг олий тоифали драма артисти Кимсанбой Собиров 65 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги маълум қилди.

Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона вилоят мусиқали драма театрида Шароф Бошбеков асари асосида саҳналаштирилган «Темир хотин» спектакли халқнинг севимли саҳна асарига айланган. Спектаклда Кимсанбой Собиров Олим ролини маромига етказиб ижро этган. Шу сабабли мухлислар Кимсанбой Собировга «Олимтой» дея мурожаат қилишлари бежиз эмас.

Кимсанбой Собиров ижодий фаолияти давомида ўнлаб ролларни маромига етказиб ижро этган. Мамлакат мустақиллигининг 29 йиллиги арфасида президент фармонига кўра Кимсанбой Собиров «Дўстлик» ордени билан тақдирланди.

Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оила-аъзоларига чуқур таъзия изҳор қилади.