00:58 / 04.09.2020
10801

Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси дунёнинг энг бой аёлига айланди

Фото: Danny Moloshok/Reuters

Amazon асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси Маккензи Скотт дунёнинг энг бой аёлига айланди. Бундан Bloomberg Billionaires Index рейтинги дарак бермоқда.

Маккензи Скотт миллиардерлар умумий рейтингида 12-ўринни эгаллаган. Унинг бойлиги қисқа вақт ичида 630 млн долларга кўпайган ва 68 млрд долларга етган. Рўйхатда эса 207 млрд долларлик капитал билан Жефф Безос етакчилик қилмоқда. 

Бунгача дунёнинг энг бой аёли номи L'Oréal компанияси эгаси Франсуаза Бетанкур-Майерга тегишли бўлган. У айни вақтда 66,8 млрд доллар бойлик билан рейтингнинг 13-ўрнидан жой олган. 

Энг бой аёллар етакчи учлигидан Walmart корпорацияси асосчиси қизи Элис Уолтон ҳам жой олган. Унинг бойлиги 63,6 млрд долларга баҳоланган. Элис Уолтон умумий рейтингда 16-ўринни эгалламоқда.

Безос ва Скотт 25 йиллик биргаликдаги турмушдан кейин 2019 йил июлида ажрашган эди. Маккензи Скотт собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлган акцияларнинг чорак қисмини (Amazon умумий акцияларининг 4 фоизи) олган. Ўшанда ушбу акциялар 36 млрд долларга баҳоланган, бироқ бир йил ичида уларнинг қиймати 2 баробар ошган.

Жефф Безос ўтган ҳафта бойлиги 200 млрд доллардан ошган тарихдаги биринчи инсонга айланди. Ҳозирда Bloomberg унинг бойлигини 207 млрд долларга баҳоламоқда. Таҳлилчиларнинг прогнозига кўра, Amazon асосчиси тарихдаги биринчи триллионерга айланиши мумкин.

Top