Жамият | 08:38 / 17.09.2020
32310
3 дақиқада ўқилади

Инфекциялар юқори учликда эмас: дунё бўйича қайси касалликлар энг кўп ўлимга сабаб бўлади?

Коронавирус ваҳимаси шу даражада кучайдики, ниҳоятда кўпчилик, яъни вафот этаётганларнинг аксарияти шу касаллик туфайли у дунёга равона бўлаётгандек тасаввур уйғонади. Хўш, аслида инсоният ўлимига асосан қайси касалликлар сабаб бўлмоқда? Қуйида дунё бўйича ўртача статистик маълумотларни умумлаштирган ҳолда айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.

Фото: Depositphotos

Тиббиётга, хусусан ўлим сабабларига оид тадқиқотлар олиб борилаётган илк даврлардан бошлаб, энг кўп ўлимга сабаб бўлувчи касалликлар орасида юрак-қон томир касалликлари етакчилик қилади. Аммо бу кўрсаткич турли давлатларда ва даврларда турлича, ўртача 30-70 фоиз атрофида тебраниб туради.

Қайсидир давлат тиббиётига баҳо беришда айнан мана шу омил – юрак-қон томир касалликлари туфайли ўлим кўрсаткичига алоҳида эътибор қаратилади. Яъни бу кўрсаткич қанча кам бўлса, давлат тиббиёти шу қадар ривожланган.

Иккинчи ўринни инсульт касаллиги якка ўзи барқарор эгаллаб келмоқда. Дунё бўйлаб сўнгги 20 йил статистикаси бу касалликдан ўлим сонлари ортаётганини кўрсатади.

Учинчи ва тўртинчи ўринларда ўпка касалликлари, хусусан ўпканинг обструктив касаллиги ва респиратор инфекциялар жой эгаллайди. Биз айни пайтда курашаётган коронавирус инфекцияси ҳам мана шу касалликлар сирасига киради ва 2020 йил якунига кўра, унинг бевосита ҳиссаси ҳақида сўз юритиш мумкин.

Шу ўринда яна бир жиҳат: бундан 20 йил олдин респиратор инфекциялар учинчи ўринни эгаллаган бўлса, коронавирус пандемиясига қадар ўпка юқумли касалликлари тўртинчи ўринга тушган.

Статистика фаол юритилган ва ҳар бир касаллик ҳамда ўлим ҳозиргидек алоҳида тадқиқ қилинган 2000 йилларда ҳам кейинги 4-5-ўринларни диарея (ич кетиш), сил каби касалликлар эгаллаган эди. Аммо медицина ривожи, гигиенага бўлган эътибор туфайли бу касалликлар «ўз ўринларини бой беришди».

Лекин тиббиёт ёки давлатлар ҳар қанча ривожланмасин, инсон умри қанчалик узаймасин, барибир ўлим ҳақлигича қолаверади. Сўнгги йиллар статистикасида, айниқса 2015 йилдан кейинги маълумотларда кексалар ақлий заифлиги, Альцгеймер касаллиги ўлим сабабчилари орасида тобора юқорилаб бораётгани кузатиляпти.

Яна бир қизиқарли ва қувонарли факт: 90-йилларда бутун инсониятга қирғин келтирувчи дея таърифланган ОИТС (СПИД) бугун кучли ўнликда ҳам эмас. Бу ҳам тиббиётнинг ўзига хос ютуғи ва одамларнинг эҳтиёткорлиги ҳосиласидир.

Аммо йўл-транспорт ҳодисаларидан олинган жароҳатлар туфайли ўлим сони муттасил ошиб бормоқда ва бу омил сўнгги 20 йилда 10-ўриндан 8-ўринга кўтарилиб олган.

Алоҳида мавзу – бу ўсма (рак) касалликлари. Бу касалликлар ҳам тобора ўсиб бораётган қандли диабет ва жигар циррози билан бирга ўнликда мустаҳкам ўрин эгаллаб турибди.

Ривожланган давлатлар ўлимнинг олдини олишда юрак хасталикларини енгган сари кексалик ақлий заифлиги билан кўпроқ курашаётган бўлсалар, камбағаллик авж олган давлатлар аҳолиси ҳали-ҳануз диарея, туғиш пайтидаги жароҳатлар, безгак, ОИТС, сил каби касалликлардан ўлим топмоқда.

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид