Ўзбекистон | 16:20 / 24.09.2020
12269
4 дақиқада ўқилади

Карантин қоидалари бузилгани учун 26 мингдан ортиқ автомобиль жарима майдонида ноқонуний тарзда ушлаб турилган бўлиб чиқмоқда(ми?)

ИИВ томонидан карантин қоидалари бузилганлиги учун транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туришни қонунийлаштириш бўйича таклиф киритилгани тўғрисида хабар берилган эди.

Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўз саҳифасида маълум қилишича, ИИВ вакили берган маълумотга кўра, мамлакатимизда карантин чекловлари амал қилиб турган муддат давомида транспорт воситасида ҳаракатланиб, эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳолати билан боғлиқ 26 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланиб, транспорт воситалари жарима майдонларига вақтинча ушлаб туриш учун олиб кирилган.

Шунингдек, депутат Қонунчилик палатасига мазкур қонун лойиҳасининг киритилишига қуйидагича муносабат билдирди:

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, бугунги кунга қадар ички ишлар ходимлари томонидан МЖтКнинг 54-моддаси асосида 26 мингдан ортиқ транспорт воситалари жарима майдонларига ноқонуний тарзда олиб кирилганлигини англатадими? Карантин қоидалари бузилганда автомашина жарима майдонига қўйилишини қонуний деб жар солган ИИВ ушбу қонун лойиҳаси билан энди бу ҳолатларнинг нотўғри эканлигини тан олмоқдами?

Агар бундай бўлмаса, хўш унда нима сабабдан Кодексга ўзгартириш киритиш таклифи илгари сурилмоқда? Бу шу кунга қадар амалга оширилган, лекин қонуний асосга эга бўлмаган “хатоликларни тўғрилаш” учунми? Нима учун бу таклиф автомобиллар ҳаракатига доир карантин чекловлари бекор қилинган вақтда илгари сурилмоқда?

Модомики, Ички Ишлар Вазирлиги мазкур қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартишлар уларга ўз хизмат вазифаларини бажаришлари учун муҳим ҳисоблаб, қонун даражасида тегишли ҳуқуқий асослар яратиш зарурияти бор деб билишса, албатта, парламент уларни доим қўллаб-қувватлайди.

Лекин, қонун ҳужжатлари ва уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўзаро мос бўлиши, биринчи навбатда, қонун устуворлиги таъминланиши зарур деб ҳисоблайман! Шу боис, таклиф қилинаётган қонун лойиҳаси маъқулланишидан олдин ИИВ ҳам ўз хатосини тан олиши ва бугунги кунга қадар МЖтКнинг 54-моддаси асосида транспорт воситаларини жарима майдонларида ушлаб туриш ортидан фуқаролар томонидан тўланган маблағларини қайтаришлари энг тўғри йўл бўлади!”.

Автомобил сақланган ҳар бир сутка учун ўртача 12 минг сўм хизмат ҳақи олиниши инобатга олинса, 26 минг транспорт воситаси бир кундан ушлаб турилган, деб фараз қилинган тақдирда ҳам, фуқаролардан жами 312 млн хизмат ҳақи ундирилган бўлади. Аммо, биргина фуқаронинг транспорт воситаси жарима майдонида 3 ой сақланиб, бу учун унга 1 млн 80 минг сўм ҳисобланган ҳолатлар ҳам мавжудлиги ҳисобга олинса, жами сумма миллиардларни ташкил этган бўлса ажаб эмас.

Шунингдек, қатъий карантин чекловлари жорий этилган муддат давомида транспорт воситасида ҳаракатланиб, эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳолати билан 26 мингдан ортиқ қоидабузарликлар аниқланганини инобатга олиб ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, 26 мингта ҳуқуқбузарлик учун тахминан 4 млн 460 минг сўмдан (жариманинг энг кам миқдори олинмоқда) жами 115 млрд 960 млн сўм жарима ундирилган бўлиб чиқади.

Kun.uz’да ёритилган мавзуга доир мақолалар:

Мавзуга оид